Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда “Боласини шу даражада уриш учун ота қандай руҳий ҳолатда бўлиши керак?” сарлавҳаси билан тарқалган видеодаги воқеа вилоятимиздаги Шароф Рашидов тумани, Тоқчилик маҳалласида яшаб келаётган оилада содир бўлганлиги аниқланди. Тасвирларда фуқаро Ш.С. томонидан содир этилган бераҳмларча калтаклаш ҳаракатлари 14 ва 12 ёшдаги опа-уканинг танасию, руҳиятига салбий таъсир этаётгани кўриниб турибди. Ачинарлиси, ушбу хонадонда бу каби жанжаллар кеча ёки бугун бошланмаганлиги, улар маҳалладаги нотинч оила сифатида назоратда бўлганлиги боис ўсмирларнинг яна қандай тазйиқлар остида, қай ҳолатда тарбияланаётганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Видеони кўрган ҳар бир киши онгида аввало “Болаларнинг онаси қани?” деган савол бонг уради. Бу саволнинг жавоби оилавий муҳит ҳамда шафқатсиз отанинг руҳий ҳолати ҳақидаги гумонларга ҳам бироз ойдинлик киритади. Ўзга юртга ишлаш учун кетган мигрант она калтакланган фарзандларини телефон орқали кўришга мажбур бўлган. Танасидаги бор нафратни оёқларига йиғиб, қизалоқни қайта-қайта куч билан тепкилаётган, жазавага тушиб хонанинг у томонидан бу томонига ирғитаётган бемеҳр, қаҳрли зарбалардан дағ-дағ қалтираётган болакай, “Дада-дадажон…, дада!..” деб зорланаётган норасида овозлар… ҳудди она юраги каби жамиятни ҳам титратиб юборди…
Айбланувчи қонунда белгиланган тартибда жазосини олади албатта. Етказилган тан жароҳатлар ҳам битар балки… Буларни айтиш ҳам енгилроқдек гўё. Бироқ, болаларнинг руҳиятидаги синиқлар, оғриқлар, қўрқувларни ўлчай оламизми? Уларнинг ички фарёдларини эшитаоламизми, кўринмас яраларининг давосини кимдан сўраймиз?.. Ота-онаси тирик бўлатуриб, етимлардек меҳрга муҳтожлар, меҳрибонлари ўзга юртга кетиб, гоҳ бувиси, гоҳ у, гоҳ бу қариндошиникида бўзлаб улғаяётганлар, илмсиз, масъулиятсиз ота-онасининг доимий жанжалларидан маънан толиқиб қолган болалар… Уларнинг йиғисини эшитмаётган бўлсак, демак тазйиқ ўтказилмаяпти дея олмаймиз.
Тарихдан маълумки, ўзбек аёли учун боланинг бегонаси бўлмайди. Шунданми, мудҳиш видеони кўратуриб, телефон ушлаб турган қўлимдан бошланган титроқ бутун танамга тарқалди. Шу лаҳзада қабулимга бир аёл кирмоқчилигини билдиришди. Кўз олдимдан кетмаётган болалар, қулоғим остида жаранглаётган оғриқли товушларга аёлнинг ҳам кўз ёшлари аралашди. У бир неча йил аввал турмуш ўртоғи билан Россияга ишлагани боришлик учун фарзандларини қайнонасига ташлаб кетганлигини, меҳнати оғир ва соғлигига зарарли жойларда ишлагани боис турмуш ўртоғидан ҳам кўпроқ ҳақ олганлигини айтди. Эри эса ишлаган пулининг аксариятини ичкиликка сарфлаганлигини, аёл жамғариб-жамғариб, эрининг паспорти орқали пулларини қайнонасига жўнатганлигини билдирди. Мусофирликдан, меҳнат ва заҳматдан толиқиб, фарзандларини соғиниб, Ўзбекистонга, ўз уйига қайтганида, барча орзу-умидлари чилпарчин бўлганлигини сўзлади. Онаси билан тил бириктирган эри энди бу хотиндан ажрашиш, ҳатто фарзандларини ҳам олиб қўйиш ҳаракатида экан. Мамлакатимиздан ноқонуний чиқиб кетган, ишлаган пулларини ўз номига эмас, эрининг номига расмийлаштириб банкка қўйган, эндиликда шаъни топталиб, манфаатлари ҳар томонлама муҳофазасиз қолган аёл, хақ-ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишида ёрдам сўради. Биламизки, бундай ҳолатда машаққат билан ишлаган пулларининг миқдорини исботлай олмаслигидан кўра, фарзандларидан ҳам маҳрум бўлишлик қўрқуви онани азоблар гирдобига тортади.
Мурожаатчининг сўзларини тинглар эканман, энди унинг болалари қай аҳволда эканлигини, ўйлай бошлайман… Сўнгги йилларда ажрим қарорига келиш шунчалик осон бўлиб қолаётгани барчамизни хавотирга солади. Баъзан ёш оила вакилларининг суд залида арзимаган баҳоналарни ажрашиш учун жиддий сабаб деб айтишга андиша қилмаётганига гувоҳ бўлганмиз. Оиланинг Ватан каби муқаддаслигини англамаётган, қўлида гўдагини кўтариб, ота-оналик масъулиятини ҳис этмаётган шахсларни кўриб, “Буларни ким тарбиялади?”, “Илмсиз, қадриятсиз фикрлари билан энди улар кимларни тарбиялайди?” деган саволлардан чўчиб қоламиз. Ўз кўнгил кечинмаларининг тор доирасида туриб, уларни тушунишимиз кераклигини айтишади. Аммо болаларчи? Уларни ким тушунади? Ё отасиз, ё онасиз яшашга мажбур бўлиши учун ҳаётнинг қайси қонунини билмай бузиб қўйганлигини ким тушунтиради? Ёки дунёга келишига сабабчи бўлганларнинг қарамоғида бўлсада, носоғлом турмуш туфайли жабр кўриб улғаяётганлар арзини кимга айтсин?
Ҳудудларда минглаб давлат ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, ижтимоий тармоқлар, телевидения, радио, газета орқали ҳам, ижтимоий тадбирларда ҳам, ҳатто уйма-уй юриб аёлларга ўз ҳақ-ҳуқуқларидан хабардор бўлишликлари доимий тарғиб этилмоқда. Бироқ, шунга қарамай, тезроқ, осонроқ иш битишини кўзлабми, танишларининг маслаҳатлари биланми ё бошқа сабабларга кўрами ноқонуний йўл билан чет давлатга кетиш оқибатида чорасиз, муҳофазасиз қолиб кетаётганлар ҳамон учрамоқда.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Жиззах вилоятидан 12 209 нафар аёл мигрант сифатида рўйхатга олинган. Ҳозирда уларнинг 3 628 нафари юртга қайтдилар. Биз тилга олган видеодан сўнг фарзандларидан йироқда бўлган барча оналарнинг ҳушёр бўлишига умид қиламиз. Ватанга қайтиб, хотин-қизлар учун яратиб берилаётган кенг кўламли имконият ва имтиёзлардан фойдаланишларини, дилбандларини ўз меҳрлари билан тарбиялашга қарор қилишларини истаймиз. Бу йўлда бор куч-ғайратимиз билан хизмат қилишга тайёрмиз. Токи, “Инсон қадри учун” тамойили асосида ислоҳотлар кўлами кенгайиб бораётган осойишта диёримизда болажонлар калтакланмасин! Уларнинг дардли нолалари эмас, шодумон кулгулари юрагимизни титратсин…
Маълумот ўрнида: Айни кунларда Шароф Рашидов тумани, Тоқчилик маҳалласида яшовчи Ш.С.га нисбатан қонунда белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Вояга етмаган опа-уканинг хавфсизлиги тўлиқ назоратга олиниб, уларнинг онаси чет давлатдан Ўзбекстонга қайтиши таъминланди. Онасининг қарамоғига топширилган болаларнинг янги ўқув йилини хотиржамликда бошлашлари, умумтаълим мактабининг дарс жараёнларида фаол иштирок этишлари учун вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ўзга юртларга ишлаш учун кетган аёлларнинг оилавий ҳолатларини қайта ўрганиб чиқиш ишлари бошлаб юборилди. Шаҳар, туман ҳокимлиги масъуллари, МФЙ маслаҳатчилари, нуронийлари “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари билан ҳамкорликда хонадонлардаги ижтимоий ҳолатлардан хабар олинмоқда.
Гулнора НОРМУРОДОВА
вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва
хотин–қизлар бошқармаси бошлиғи.