Тошкент шаҳрида 26 октябрдан 8 ноябргача давом этган “Президент Олимпиадаси–2026” спорт мусобақалари ўз якунига етди. Нуфузли спорт анжуманида Жиззах вилояти вакиллари ҳам турли йўналишларда маҳорат ва иродасини намойиш этиб, қатор совринли ўринларни эгаллади. Мусобақа якунларига кўра, делегациямиз 15 та олтин, 9 та кумуш ва 20 та бронза — жами 44 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 9-ўринни банд этди.
Мусобақанинг сўнгги кунларида, айниқса, бокс рингида жиззахлик спортчилар ёрқин натижаларни қайд этишди. Улар рақибларига қарши муросасиз жанглар ўтказиб, 8 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритди. Сарвиноз Зоирова (40 кг), Заҳрохон Тўйчиева (52 кг), Муқаддас Зокирова (61 кг), Малика Улуғбекова (64 кг), Заҳро Дониёрова (67 кг), Фаёзбек Норалиев (40 кг), Жасурбек Хайруллаев (46 кг) ҳамда Азизбек Абдунабиев (52 кг) ўз вазн тоифаларида чемпионликни қўлга киритди. Оминахон Носирова (43 кг) ва НурМуҳаммад Маллаев (43 кг) эса финал беллашувларида муносиб кураш олиб бориб, кумуш медаллар билан тақдирланди.
Жиззах боксчиларининг муваффақияти алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Олимпиаданинг ёпилиш маросимида вилоятимиз делегацияси “Бокс бўйича лидер делегация” номинацияси ғолиби деб топилди. Ушбу юксак эътирофни вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нозимжон Усмонов делегация номидан қабул қилиб олди. Бу мукофот спортчилар ва мураббийларнинг мусобақа давомида кўрсатган маҳорати ҳамда меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Таэквондо WТ йўналишида ҳам жиззахлик спортчилар совринли ўринларни эгаллади. Нозима Тангирова (59 кг), Отабек Абдулгозиев (+61 кг) ва Малика Алимқулова (37 кг) олтин медалларни қўлга киритди. Баҳора Норбоева (+59 кг) кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Амир Салиев (45 кг) ва Эъзоза Шуҳратова (51 кг) бронза медалларини ўз ҳисобига ёзди.
Велоспортнинг трек йўналишида Дурдона Артиқбоева 2 километр масофага таъқиб қилиш шахсий пойгасида учинчи натижани қайд этиб, бронза медалини қўлга киритди. Нелли Бинкова 15 айланали “скретч” гуруҳ пойгасида ҳам шундай муваффақиятга эришди. Меҳрож Бойсариев эса 48 айланага мўлжалланган очколи гуруҳ пойгасида рақибларидан устун келиб, олтин медаль соҳибига айланди.
Бадминтон баҳсларида Динара Саидазимова яккалик дастурида бронза медалига сазовор бўлди. Қизлар ўртасидаги жуфтлик мусобақасида Камола ва Нозима Ўринбоевалар финалгача етиб бориб, кумуш медалларни қўлга киритди. Бадиий гимнастика бўйича гуруҳ машқларининг бешта тасма дастурида қатнашган вилоят жамоаси ҳам учинчи ўринни эгаллади. Фотима Давранова, Баҳора Маматмуродова, Муҳаррам Мансурова, Асал Мелиқузиева, Индра Мусурманова ва Нигинабону Тиловқобиловадан иборат таркиб бронза медаллари билан тақдирланди.
Сузиш ҳавзасида Жахонгир Бахрамов 400 метрга эркин усулда сузиш баҳсида иккинчи бўлиб маррага етиб келиб, кумуш медални қўлга киритди.
Совриндор спортчиларни тайёрлаган муассасалар кесимида Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази 15 нафар спортчи билан етакчилик қилди. Зомин тумани спорт мактаби ҳамда вилоят спортнинг якка кураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактабидан 8 нафардан, вилоят гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактабидан 6 нафар спортчи совриндорлар сафидан жой олди. Вилоят спорт ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби 3 нафар спортчини тайёрлаган бўлса, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, Дўстлик тумани спорт мактаби, Спорт курашлари ассоциациясининг Жиззах вилоят бўлими, Зарбдор тумани спорт мактаби ҳамда Жиззах шаҳар спорт мактабининг ҳар бири 2 нафардан спортчи билан натижа қайд этди. Шунингдек, Учтепа тумани 1-сонли спорт мактаби, Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби, Янгибод тумани спорт мактаби, Сув спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби, Пахтакор тумани 4-сонли умумтаълим мактаби спорт клуби, Бахмал тумани спорт мактаби ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг Жиззах вилоят бўлимидан 1 нафардан спортчи совриндорлар қаторидан жой олди. Бу натижалар вилоятда спортчиларни тайёрлаш жараёни турли ҳудуд ва ихтисослашган муассасаларни қамраб олганини кўрсатади.
Шундай қилиб, “Президент Олимпиадаси–2026” Жиззах спортчилари учун самарали ва унутилмас мусобақага айланди. Энг муҳими, ушбу мусобақа кўплаб ёш спортчиларга ўз имкониятларини намоён этиш, тажриба орттириш ва келгусидаги катта марралар сари муҳим майдон бўлди.
Худойберди ЗИЁТОВ.