ИЛМ ҚАДР ТОПСА, ЁШЛАР ЮКСАЛАДИ

Баъзан инсон ҳаётидаги катта йўллар жуда оддий бир ҳодисадан, арзимасдек туюлган лаҳзадан бошланиши мумкин. Қандайдир китобдан ёки ундан туғилган бирор саволдан ёинки болаликда пайдо бўлган қизиқишдан…

Янгиободлик Нурсултон Аширалиевнинг илмга меҳр қўйиши ҳам ана шундай бошланган. Кунларнинг бирида отаси унга биологияга оид китобни олиб келади. Бу китоб унга фанга бўлган биринчи жиддий қизиқишни уйғотади. Кейинчалик эса биология унинг севимли машғулотига айланади.

У бошқа фанларни ҳам чуқур ўзлаштиргани боис 2021 йилда Жиззах шаҳридаги Президент мактабига ўқишга қабул қилинди. Бу ерда қаҳрамонимиз зукколиги, изланувчанлиги билан устозлари эътиборига тушди. Шу тариқа турли фан олимпиадаларида ўзини синаб кўриш кундалик ҳаётининг бир қисмига айланди.

У 8-синфда ўқиётганида Ал-Хоразмий олимпиадасининг республика босқичида, кейинроқ STEM олимпиадасида ҳам республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу натижалардан сўнг Нурсултон учун халқаро олимпиадаларга йўл очилди. 2023 йилда Таиландда ўтказилган XX Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадаси (IJSO)да Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қатнашиб, бронза медалини қўлга киритди. 2024 йилда AIBO (Avecenna International Biology Olympiad)да бронза медалига сазовор бўлди. 2025 йилда ўтказилган республика биология олимпиадасида кумуш медалига эга чиқди. Жорий йилда AIBOда такрор қатнашиб олтин медалга эришди.

Яқинда Литванинг Вилньюс шаҳрида бўлиб ўтган 37-Халқаро биология олимпиадасида Нурсултон Ўзбекистон терма жамоасининг тўрт кишилик таркибида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилди.

78 давлатдан 300 дан ортиқ ёшлар иштирок этган мусобақада биологияга оид билимларини яна бир бор синовдан ўтказиб, натижада бронза медалига сазовор бўлди.

У олимпиада йўлидаги ютуқларида ота-онаси, оила аъзолари ҳамда устозларининг ўрнини алоҳида эътироф этди.

– Менинг олимпиадага қизиқишимга биринчи туртки берган устозим Бобурмирзо Абдувоҳидовдир, – дейди у. – Президент мактабига ўқишга ўтганимдан сўнг устозим Гўзал Маманова, шунингдек, покистонлик устозим Шаҳ Зеб жаноблари билимларимни бойитишга ҳисса қўшдилар. Улардан олган сабоқларим туфайли бугунги натижаларга эришдим.

Айтганча, Нурсултоннинг бу қадар илмга чанқоқлиги бежиз эмас. Унинг бобоси ҳамда кўплаб қариндошлари турли фанлардан ўқитувчилик фаолиятини олиб боришади. 

– Доим фан олимпиадасига йўл олганида унга бир гапни таъкидлаймиз: “Ютсанг – ютасан, ютмасанг – тажриба орттирасан”. Ўғлимнинг олимпиадаларга йўл олганида бизнинг қўллаб-қувватлашимизни ҳис қилсин, ортиқча босимни олмасин, деймиз. У илм йўлидан бориб, ўн саккиз ёшиданоқ бир неча бор ҳаммамизга ғурур ҳиссини берди. Бундан ташқари, Президентимизнинг топшириғига мувофиқ, 412 млн сўм пул мукофоти билан ҳам тақдирланди. Бундан барчамиз ниҳоятда севиндик, – дейди отаси.

Қаҳрамонимиз келгусида олим бўлишни мақсад қилган. У ўзини келажакда тадқиқотчи сифатида кўради. Унинг режаси хорижда биологияни чуқур ўрганиш, кейин муайян йўналишни танлаб, илмий тадқиқотлар билан шуғулланиш. Ҳозирда у дунёдаги нуфузли университетларга ҳужжат топширмоқчи. Грант асосида таҳсил олиш – унинг асосий мақсадларидан бири. Унинг интилиши каби орзулари ҳам катта. Нурсултон буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино, ўз даврининг етук олимлари Чарлз Дарвин, Луи Пастерлар каби етукликка етишишни орзу қилади.

Қаҳрамонимизнинг тенгдошларига ҳам айтар гапи бор:

– Халқаро олимпиадада қатнашиш учун албатта Президент мактабида ўқиш шарт эмас. Оддий мактаб ўқувчиси ҳам бундай натижага эриша олади. Фақат кўпроқ меҳнат қилиш керак. Мактаб дарсликлари билан чекланиб қолмаслик лозим. Олимпиадага оид қўшимча адабиётларни ўқиш, мунтазам тайёргарлик кўриш, энг муҳими хорижий тил ўрганиш зарур. Айниқса, инглиз тилини. Чунки биологиядаги энг янги илмий материалларнинг катта қисми инглиз тилида, – дейди у.

Айтиш жоизки, Нурсултоннинг IELTSдан 7,5 балл, SATдан 1480 балл олгани ҳам унинг бу йўналишдаги тайёргарлиги қанчалик жиддий эканини кўрсатади.
Cambridge Assessment International Education имтиҳонларида биология, кимё ва математика фанларидан AS Level даражасида AAA натижа қайд этгани эса унинг академик салоҳиятини яна бир бор тасдиқлайди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *