ИС ГАЗИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Маълумки, куз-қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан кунга ошиб боради. Бу эса, ўз навбатида, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларининг бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, фуқароларнинг ис газларидан заҳарланиб қолиш эҳтимолининг ошишига олиб келади.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

– фуқаролар томонидан табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;

– ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;

– иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;

– табиий газ билан ишловчи иситиш печлари ва ускуналарини дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;

– ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ оловдан фойдаланиш;

– ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.

Юқорида кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра иситиш учун фойдаланилаётган табиий газнинг чала ёниши натижасида ис гази ҳосил бўлади.

Мисол учун: Сиз дам олаётган ёки тунаб қолган хонада йиғилган ис гази миқдори атиги 0,1 фоизни ташкил этган тақдирда, ундай ҳаводан  нафас олиш инсонни ўлимга олиб келиши мумкин.

Жойларда қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган ана шундай нохуш холатларнинг олдини олиш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳаёти ва саломатлигини асраб қолиш учун қуйидаги оддий қоида ва тавсияларга амал қилишингизни сўраймиз:

Ис газидан заҳарланмаслик учун:

-иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларининг тозалигини мутахассис ёрдамида текшириб чиқинг;

-носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишга асло йўл қўйманг;

-болалар ва имконияти чекланган кишиларни назоратсиз қолдирманг;

-табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, турли хил газ сўргичлардан фойдаланманг;

-чет давлатларда ишлаб чиқарилган “REMAHA” “VAILLANT” “AWB” “NEFIT” иситиш мосламаларидан фойдаланманг .

Агар хонага табиий газ тўлиб қолганини сезиб қолсангиз:

-газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;

-дарров эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатинг;

-хонада электр жиҳозларини ёқманг, ёниқ бўлса, ўчирманг, чунки бу ёнғин ёки газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин;

-агар газ чиқаётган жойни ўзингиз аниқлай олмасангиз, (95) 470-10-04 ёки 104 телефони орқали туман газлаштириш идорасининг авария таъмирлаш гуруҳларига қўнғироқ қилинг. Азиз фуқаролар, юқоридаги қоидаларга риоя қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини, мол-мулкингизни нохуш ҳолатлардан асраб қоласиз. 

Б.ОҚИЛОВ,

                                          “Zomintumangaz” газ таъминоти бўлими бош муҳандиси.

Х.НУРУЛЛАЕВ,

                                                                              “Zomintumangaz” газ таъминоти  бўлими ММ ва ТХ етакчи муҳандиси.                                                                                                       

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *