11-ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиалида ходимларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоада дўстона муҳит ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Байрам муносабати билан филиал бошланғич касаба уюшмаси томонидан филиал ҳамда шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимларида фаолият юритаётган ходимлар учун Самарқанд шаҳрига маданий-маърифий саёҳат уюштирилди.
Саёҳатнинг асосий манзили буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий номи билан боғлиқ, улкан маънавий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган мажмуа бўлди. Ходимлар ушбу тарихий масканда бўлиб, улуғ алломанинг ҳаёти, илмий мероси ва ислом оламидаги беқиёс хизматлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар.
Шунингдек, байрам тадбирлари доирасида ходимлар ўртасида шахмат ва шашка спорт мусобақалари ташкил этилди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда иштирокчилар ўзларининг ақлий салоҳияти, мантиқий фикрлаш қобилияти ҳамда стратегик маҳоратларини намоён этдилар. Мусобақалар якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жорий йилнинг 10-ноябрь куни эса филиал тизимида фаолият юритаётган касаба уюшмаси фаоллари иштирокида “Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари” шиори остида маданий-маърифий тадбир ҳамда давра суҳбати ўтказилди.
Унда филиал директорининг ўринбосарлари Х. Aширматов ва Қ. Хасановларнинг маърузалари тингланди. Суҳбат давомида касаба уюшмаларининг жамият ва меҳнат жамоаси ҳаётидаги ўрни, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Шунингдек, 2026 йилнинг ўтган 10 ойи давомида филиал бошланғич касаба уюшмаси томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида бошланғич касаба уюшмаси фаолиятига яқиндан кўмаклашиб келаётган фаоллар, шунингдек, шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимлари касаба уюшмаси раислари байрам муносабати билан эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Таъкидлаш жоизки, касаба уюшмалари фаолиятининг асосий мақсади — ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда меҳнат жамоаларида соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришдан иборат.
“Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиалида ташкил этилган ушбу тадбирлар ходимларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлиш билан бирга, жамоада бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Умид НОРБОЕВ.