Инсон қадрини улуғлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ташвишига елкадош бўлиш жамоада меҳр-оқибат ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди. Вилоят ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг жорий йил ўтган ўн ойидаги фаолиятида ҳам ана шу мақсад устувор бўлди.
Ҳисобот даврида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 81 миллион 152 минг сўмлик 16 та сиҳатгоҳ йўлланмаси ажратилиб, уларнинг 13 тасидан ходимларнинг ота-оналари фойдаланди. Шунингдек, мурожаатлар асосида 14 нафар ходимга жами 12 миллион 270 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдам кўрсатилди. Касаба уюшмаси аъзоларининг 42 нафар фарзанди эса «Зомин» болалар соғломлаштириш оромгоҳида мароқли дам олдилар.
Маънавий-маърифий тадбирлар ҳам жамоа ҳаётига кўтаринки руҳ бағишлади. 250 нафардан ортиқ ходимнинг музейларга ташрифи уюштирилиб, 450 нафар ходим театр томошасидан баҳраманд бўлди. Ўтказилган спорт мусобақалари ва «Заковат» интеллектуал ўйини ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ходимлар фарзандлари учун ташкил этилган байрам тадбири болажонларга қувонч улашди.
Шунингдек, байрам кунларида соҳа фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, фаол ходимлар рағбатлантирилди. Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан 200 нафар устоз, фахрий ва мураббий учун байрам дастурхони ёзилиб, уларнинг фидокорона меҳнатига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Ўтган ўн ойда маданий-маърифий тадбирларга жами 214 миллион 125 минг сўм йўналтирилди. Бу рақамлар ортида инсон саломатлиги, оилалар фаровонлиги, фарзандлар қувончи ва фахрийларга эҳтиром мужассам.
Ф.ЖАББОРОВ,
вилоят ички ишлар ходимлари
бирлашган касаба уюшмаси қўмита раиси.