Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ”да иккинчи бор Ўзбекистон халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрда қабул қилинган “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш борасида кўплаб ислоҳотлар бажарилаётир. “Уста-шогирд” анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Иккинчи Ўзбекистон халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси ҳам ана шу қарор асосида ташкил қилинди. Жиззах вилоят “Ҳунарманд” уюшмасининг хабар беришича, унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган каштачилик, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик, миллий матолар, миниатюра маҳсулотлари намойиш этилди. Ярмаркада 200 нафар маҳаллий, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Ҳиндистон, Афғонистон каби давлатлардан 40 нафар хорижий ҳунармандлар иштирок этди.
3-павильонда бўлиб ўтган кўргазмада ҳунармандлар томонидан ўтказиладиган маҳорат дарсларини кузатиш, иштирок этиш ва ҳунармандчилик йўналиши учун керакли дастгоҳларни харид қилиш имконияти яратилди. Унда ҳунармандлар томонидан қизиқарли маҳорат дарслари, лойдан кўза ясаш, ипакдан мато тўқиш, дўппига нақш бериш ҳамда бешик ясаш жараёнлари ҳам ташкил этилди. Тадбирда вилоятимиз вакиллари ҳам иштирок этиб, воҳа ҳунармандчилигининг ўзига хос томонларини намойиш этишди.
—Марказий Осиёдаги йилнинг энг муҳим ҳунармандчилик тадбири бўлган ушбу кўргазмада воҳамиз вакиллари ҳам фаол қатнашиб, кўплаб эътирофга сазовор бўлишди, — дейди Жиззах вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси мутахассиси Марғуба Нурманова. —Тадбирда ҳар бир вилоятдан беш нафар “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари, уста ҳунармандлар иштирок этди. Жиззах вилоятидан 6 нафар ҳунарманд миллий қўғирчоқлар, ёғоч ўймакорлиги, қўлда газламалар тўқиш, эсдалик буюмлари тайёрлаш ва гиламдўзлик йўналишлари бўйича қатнашди. Тақдирлаш маросимида ҳар бир ҳудуддан келган ҳунармандларга кўргазмадаги фаол иштироки учун Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев томонидан сертификатлар топширилди.
—Кўргазма ўзининг миллийлиги ва ранг-баранглилиги билан ёдимизда қолади, — дейди ёғоч ўймакорлиги йўналишидаги ҳунарманд Эрмон Абдуалимов. — Вилоятимиз ҳунармандлари ҳам унда ўз маҳоратини намойиш этиб, кўпчиликнинг диққат-эътиборига тушишди. У ерда биз барча вилоятлардан келган ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашдик, уларнинг санъатини томоша қилдик ва ўзимиз учун кўп янгиликларни кашф этдик. Ўз ўрнида биз ҳам уларга ўз тажрибамизни улашдик. Бир сўз билан айтганда, тадбир катта ҳунармандчилик тантанасига айланиб кетди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.