Инсон ҳаётида шундай бир нур борки, у қалбдаги қизиқишни мақсадга, мақсадни эса изчил ҳаракатга айлантиради. Кимдадир бу нур санъатга, кимдадир техникага, яна кимдадир илм-фанга бўлган меҳр орқали намоён бўлади. Нафиса Ахророва учун эса ана шу нур болаликданоқ она тили ва адабиётга бўлган муҳаббат, сўзга эҳтиром ва ижодга интилишда ўз ифодасини топди.
Нафиса 2006-йил 27-апрелда тадбиркор оиласида туғилган. Оилада шаклланган билим олишга, янгиликларни ўрганишга бўлган иштиёқ уни Шароф Рашидов туманидаги 6-мактабнинг биринчи синфига етаклади. Ота-онаси ҳамда устозлари унинг ижодкорликка, она тили ва адабиётга бўлган қизиқишини эрта пайқашди. Шу боис Нафиса таҳсилни Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида давом эттирди. Махсус имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, бешинчи синфдан ушбу даргоҳ ўқувчисига айланди. Ижодга илк қадамлар мактабнинг «Ижод гулшани» махсус журналида босилган кичик шеър ва ижодий намуналар орқали бошланди. Илк шеърининг журнал саҳифасида эълон қилиниши Нафиса учун унутилмас воқеа бўлди.
Ижод мактаби мен учун адабиёт нафаси уфуриб турадиган, фикр ва тасаввур қанот ёзадиган ўзига хос маънавий муҳит бўлди,–деди Нафиса. –Бу ерда мен сўзнинг қудратини, бадиий тафаккурнинг имкониятларини чуқурроқ англай бошладим. Она тили ва адабиётга меҳр уйғотган устозларим Шаҳноза Мавлянова, Эркин Очило́в, чет тилларини севиб ўрганишимга сабабчи бўлган инглиз тили ўқитувчиси ва синф раҳбарим Нафиса Абирқуловалардан чексиз миннатдорман. Уларнинг сабоқлари менга фақат фан доираси билан чекланмай, ҳаётга дахлдор муҳим хулосаларни ҳам ўргатди.
Дарҳақиқат, вақт ўтиши билан Нафисанинг қизиқишлари аниқ мақсадга айланди. Натижалар эса меҳнатнинг самарасини яққол кўрсатди: тўққизинчи синфда она тили ва адабиёт фанидан вилоят олимпиадасида иккинчи, ўнинчи синфда биринчи, ўн биринчи синфда эса учинчи ўринни эгаллади. Ушбу ютуқлар уни олимпиаданинг республика босқичида ҳам иштирок этишга олиб чиқди. Бу жараёнда Абдулла Абдуҳамидов ва Ҳилола Мамарасулова каби устозларининг кўмаги, маслаҳатлари ва ишончи муҳим таянч бўлди.
Ўқувчилик йилларидаги яна бир салмоқли натижа — олий таълимга кириш учун зарур бўлган билим ва тайёргарлик даражасини олдиндан намоён эта олганидир. Нафиса 11-синфни тамомлашидан аввал фан сертификатлари орқали 189 баллик тизимда 178 балл тўплади. Унда инглиз тилидан B2, ўзбек тили ва адабиётидан A, тарих фанидан C даражали сертификатлар бор эди. Бу муваффақиятда мактаб директори Дилафруз Ҳамдамова ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Аброр Атабоевнинг масъулиятли раҳбарлиги ҳамда тўғри йўналиш кўрсатгани алоҳида аҳамият касб этди.
2025 йилда Нафиса 183,5 балл билан Жиззах давлат педагогика университетининг филология факультети, ўзбек тили ва адабиёти йўналишига ўқишга қабул қилинди. Университет муҳитида ҳам у илм ва ижоддан узоқлашмади. “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкил этган диктантлар танловида биринчи ўринни, 21 октябрь –Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўтказилган шеърлар танловида ҳам биринчи ўринни қўлга киритди. Китобхонлик танловлари ва спорт мусобақаларидаги иштироки эса унинг қизиқишлари кенглигидан далолат беради. Бугун Нафиса танлаган соҳасида янада чуқурроқ изланиш, илмий салоҳиятини ошириш йўлида. Устози филология фанлари доктори Нодира Соатова билан биргаликда қатор мақолалар устида иш олиб бормоқда. Келгусида жамиятимиз ва фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган илмий тадқиқотлар олиб боришни мақсад қилган.
Шаҳноза ФАРҲОДОВА.