МАНГУ ҲИЛПИРАЙВЕР, ВАТАН БАЙРОҒИ!

Кўкда мағрур ҳилпираётган Ватан байроғи… Унга боққан ҳар бир инсон қалбида ўзгача бир туйғу уйғонади. Бу туйғу — Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ғурур ва фахр ифтихоридир. Ватан байроғи– у халқнинг орзу-интилишлари, асрий қадриятлари, босиб ўтган йўли ва эртанги кунга бўлган ишончининг ёрқин тимсолидир. Биз шу заминни Ватан деб атаймиз. Унинг ҳар бир қарич ери, мусаффо осмони, тоғлари, боғлари, далалари ва меҳнаткаш инсонлари биз учун азиз. Бу юрт бизни бағрига олди, вояга етказди, орзу қилишга, мақсадлар сари интилишга ўргатди. Шу боис Ватанимиз рамзларини эъзозлаш, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинди. Бу тарихий сана халқимиз ҳаётида янги даврнинг муҳим воқеаси бўлиб, миллий давлатчилигимиз ва мустақиллигимизнинг ёрқин рамзини дунёга намоён этди. Жорий йилда эса миллий истиқлолимиз тимсоли бўлган байроғимиз қабул қилинганига 35 йил тўлади. Байроғимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги чуқур маъно ва рамзий мазмунга эга. Мовий ранг — мусаффо осмонимиз, тинчлик ва садоқат, оқ ранг — поклик, эзгулик ва беғубор ниятлар, яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши, ҳаёт ва яшариш тимсолидир. Қизил чизиқлар ҳаётбахш куч ва тириклик жилосини англатса, ярим ой ва юлдузлар халқимизнинг тарихий анъаналари, эзгу орзу-умидлари билан уйғунлашиб кетган. Менимча, байроғимизга қараган ҳар бир инсон унда ўз тақдирини, болалигини, ота-онасининг меҳрини, туғилиб ўсган маҳалласи ва қадрдон юртини кўради. Чунки Ватан деган улуғ тушунча инсон учун энг аввало оиладан, остонадан, она алласидан, туғилган қишлоғи ёки шаҳридан бошланади.

Бахмал туманидаги 23-умумтаълим мактабида ҳам ушбу қутлуғ санага бағишлаб кенг қамровли байрам тадбири ташкил этилди. Унда ўқитувчилар, ўқувчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, давлат байроғининг мазмун-моҳияти, унинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида фикр алмашдилар. Шунингдек, тадбир доирасида “Байроғим –фахрим, ғурурим” шиори остида ўқувчилар ўртасида расмлар ва иншолар танлови ташкил этилди. Ғолиблар муносиб тақдирланди. Байрам дастури ўқувчиларнинг она Ватан, муқаддас байроқ ва истиқлолни улуғловчи шеърлари, санъаткорона чиқишлари ҳамда куй-қўшиқлари билан янада файзли ўтди.

Мен учун ҳам Ўзбекистон байроғи –энг азиз ва муқаддас қадриятлардан бири. Унга боққанимда юртимизнинг тинч осмони, меҳрибон халқимиз, фарзандларимиз келажаги ва аждодларимиздан мерос бўлиб қолган буюк орзу-умидлар кўз олдимда гавдаланади. Байроғимиз доимо баландда бўлсин, унинг соясида фарзандларимиз тинч ва фаровон ҳаёт кечирсин, юртимиздан бахт ва барака аримасин, деб ният қиламан.

МАНГУ ҲИЛПИРАЙВЕР, ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ! Сен бор экансан, қалбимизда Ватанга муҳаббат, кўнглимизда ғурур, келажакка ишонч ҳамиша барҳаёт!

Хосият ТАНГАТОВА,
Бахмал туманидаги 23-умумтаълим мактабининг ўқитувчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *