Жорий йилнинг 26 октябрь – 7 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида армрестлинг (қўл кураши) бўйича 47-жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Жаҳон армрестлинг федерацияси (WАF) томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли беллашувларда 60 тадан ортиқ давлатдан 1700 нафардан зиёд спортчи иштирок этди.
Қувонарлиси, ушбу халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилган Зомин тумани спорт мактаби тарбияланувчиси, Жиззах давлат педагогика университети талабаси Фарангиз Асатиллаева икки марта шоҳсупага кўтарилди.
Ёшлар ўртасида 80 кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этган Фарангизга чап қўл беллашувларининг финалида норвегиялик Мария Карлсен рақиблик қилди. Муросасиз баҳс якунига кўра ҳамюртимиз кумуш медаль билан кифояланди. Ундан кейинги поғоналардан Ҳиндистон вакилалари Вишнуприя ва Мега Мондал жой олдилар. Шунингдек, ушбу вазндаги ўнг қўл курашларида ҳам норвегиялик Карлсен олтин медалга эга чиққанини қайд этиш керак. Ф.Асатиллаевага эса бу йўналишда бронза медали насиб қилди. Иккинчи ўринни мезбон мамлакат қатнашчиси Ширен Божжа қўлга киритди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.