БИЗНЕСНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ НИМА УЧУН ЗАРУР?

Мамлакат иқтисодиётини самарали бошқариш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларнинг ривожланиш имкониятларини тўғри баҳолаш, аввало, ишончли статистик маълумотларга боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда 2026 йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар ўтказиладиган бизнесни рўйхатга олиш тадбирининг аҳамияти ва мақсади хусусида мухбиримиз вилоят Статистика бошқармаси бошлиғи Қиличбек Нурматов билан суҳбатлашди.

Бизнесни рўйхатга олиш нима учун зарур, унинг қандай стратегик аҳамияти бор?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлди.

Мазкур Фармон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланиб, статистика тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, маълумотлар сифатини ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва тадбиркорлик субъектларининг ҳисобот юкини камайтириш каби устувор вазифалар белгиланди. Хусусан, 2030 йилга қадар тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган статистик ҳисобот юкини 20 фоизга қисқартириш назарда тутилган.

Фармоннинг 6-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бизнесни рўйхатга олиш тадбири 2026 йил  15 октябрдан 30 ноябрга қадар ўтказилиши белгиланган. Бу жараённинг асосий мақсади фақат корхоналар сонини аниқлашдан иборат эмас. Балки мамлакатда фаолият кўрсатаётган иқтисодий бирликларнинг тўлиқ хатловини ўтказиш, уларнинг таркиби, иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимоти ва фаоллик ҳолатига аниқлик киритишдан иборат.

Иқтисодиётни ривожлантиришда ишончли маълумотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки иқтисодий сиёсатнинг самарадорлиги мавжуд ҳолат қанчалик тўғри баҳоланганига бевосита боғлиқ. Масалан, муайян ҳудудда расмий рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони маълум бўлиши мумкин. Бироқ уларнинг нечтаси амалда фаолият юритаётгани, қайси соҳаларда ишлаётгани ёки иқтисодий фаолият қайси манзилларда жамлангани ҳақидаги маълумотлар тўлиқ бўлмаслиги мумкин. Бизнесни рўйхатга олиш ана шундай ахборот бўшлиқларини тўлдиришга хизмат қилади

Рўйхатга олиш яширин иқтисодиёт кўламини баҳолашнинг муҳим воситаси бўла оладими? Умуман бу тадбирнинг вилоятимиз учун аҳамиятли томонлари нималардан иборат?

Бугунги кунда иқтисодиётдаги долзарб масалалардан бири — расмий статистик кузатувлар билан тўлиқ қамраб олинмаган иқтисодий фаолиятни аниқлашдир. Айрим ҳолларда тадбиркорлик фаолияти амалда мавжуд бўлса-да, у ҳақдаги маълумотлар тегишли ахборот тизимларида етарлича акс этмаслиги мумкин. Бизнесни рўйхатга олиш жараёнида нафақат йирик корхоналар, кичик корхона ва микрофирмалар, балки якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар, деҳқон хўжаликлари ҳамда белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган иқтисодий фаолият тўғрисидаги маълумотларни қамраб олиш муҳим аҳамият касб этади.

Бу орқали иқтисодий фаолиятнинг амалдаги кўламини кенгроқ баҳолаш, статистик ҳисобга олишдаги мавжуд тафовутларни аниқлаш ва яширин иқтисодиёт бўйича ҳисоб-китобларни такомиллаштириш учун қўшимча ахборот базаси яратилади. Бироқ бизнесни рўйхатга олишни солиқ текшируви ёки тадбиркорлик фаолиятини назорат қилиш тадбири билан адаштирмаслик лозим. Унинг асосий вазифаси — статистик мақсадлар учун тўлиқ ва ишончли маълумотларни шакллантиришдир.

Жиззах  вилояти саноат, савдо, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалиги фаол ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Вилоятда тадбиркорлик фаолиятининг турли шакллари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотини тўлиқ ўрганиш муҳим вазифадир. Саноат, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш фаолияти, шунингдек, туманлардаги деҳқон хўжаликлари, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишларини статистик жиҳатдан тўлиқ қамраб олиш ҳудуд иқтисодиётини янада чуқур таҳлил қилиш имконини беради.

Демак, бизнесни рўйхатга олиш натижалари нафақат республика, балки ҳар бир шаҳар, туман ва маҳалла даражасида иқтисодий ривожланиш имкониятларини баҳолаш учун ҳам муҳимдир.

Рўйхатга олиш қандай ташкил этилади?

Белгиланган тартибга кўра, бизнесни рўйхатга олиш ишлари 2026 йил 15 октябрдан 30 ноябрга қадар, 40 иш куни давомида амалга оширилади.

Бунда маълумотлар 2026 йил 1 октябрь соат 00.00 ҳолати бўйича шакллантирилади. Мазкур сана алоҳида аҳамиятга эга. Чунки рўйхатга олиш ишлари октябрь ва ноябрь ойларида ўтказилса-да, иқтисодий бирликларнинг ҳолати айнан белгиланган санага нисбатан баҳоланади.

Жумладан, 1 октябрдан кейин янги ташкил этилган тадбиркорлик субъекти рўйхатга олишнинг белгиланган ҳисоб санасида мавжуд бўлмагани сабабли ушбу жараён доирасида ҳисобга олинмайди. Аксинча, ҳисоб санасида мавжуд бўлиб, кейинчалик фаолиятини тўхтатган субъектлар бўйича маълумотлар ҳам инобатга олинади.

Рўйхатга олиш жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш назарда тутилган. Рўйхатга олувчилар тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётган манзилга ташриф буюриб, респондентлар билан суҳбат ўтказади ҳамда олинган маълумотларни планшет орқали электрон саволномага киритади.  

Бизнесни рўйхатга олиш тадбирининг муҳимлиги яна нималарда акс этади?

Бизнесни рўйхатга олиш натижаларининг аҳамияти фақат маълумотлар тўплаш билан чекланмайди. Ушбу жараёнда шакллантириладиган маълумотлар келгусида мамлакат иқтисодиётининг таркибий ўзгаришларини таҳлил қилиш, тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиш тенденцияларини аниқлаш ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни баҳолаш учун муҳим асос бўлади.

Шу билан бирга, рўйхатга олиш натижалари асосида шакллантирилган ахборотлар давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган таҳлиллар учун хизмат қилади. Энг муҳими, ишончли маълумотлар иқтисодий қарорларни тахминларга эмас, балки аниқ далилларга асосланган ҳолда қабул қилиш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиётнинг бугунги ҳолатини тўғри баҳоламасдан туриб, унинг эртанги ривожланиш йўналишларини аниқ белгилаш қийин. Шу боис жорий йилнинг 15 октябридан бошланган ва 30 ноябрга қадар давом этадиган бизнесни рўйхатга олиш тадбирида барча тадбиркорлик субъектларининг фаол иштирок этиши ва маълумотларни аниқ ҳамда тўлиқ тақдим этиши муҳим аҳамият касб этади.

 Зоир КАЛОНОВ суҳбатлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *