ЯНГИ БОҒЛАР БАРПО БЎЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганди. Мазкур фармон ижросини  таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг жорий йил 3 ноябрдаги  қарорига мувофиқ “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида вилоятимизда жами 10 млн 821 минг 700 туп манзарали, мевали дарахт кўчатлари ва буталар экилиши режалаштирилган. Жумладан, фермер хўжаликлари ва пахтачилик-ғаллачилик кластерларининг далалари четларига ихота дарахтзорларни барпо этиш мақсадида 1 млн 813 минг туп, боғзорлар ва токзорлар барпо этиш учун 1 млн 559 минг туп, янги тутзорлар учун 2 млн 327 минг туп, маҳаллалар ҳудудларига ва аҳоли томорқалари атрофига 1 млн 593 минг туп, ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларига 987 минг 900 туп, ўрмонзорлар барпо этиш учун 339 минг туп, автомобиль ва темир йўллар бўйларига 385 минг туп, дарёлар, каналлар, ариқлар ва зовурлар атрофига 262 минг туп, атроф-муҳитга таъсир хавфи бўйича юқори ва ўрта даражадаги хавфли тоифаларга мансуб саноат корхоналари томонидан “Яшил белбоғ”лар  барпо этиш мақсадида  536 минг туп кўчат экилади.

Бундан ташқари, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, олий таълим, тижорат банклари, чиқинди полигонлари атрофи ва уларга туташ ҳудудларда ҳам янги боғ, “Яшил белбоғ”лар, ўрмонзор ва ихотазорлар барпо этилади.

Айни пайтда Арнасойда Бахтли-Тузкон, Дўстлик-Олтин водий-Зафаробод-Гагарин, Жиззах-Пахтакор-Дўстлик-Гагарин, Жиззах-Равот-Зомин-Савот, Шароф Рашидов-Фориш, Шароф Рашидов-Пахтакор-М-39, Шароф Рашидов–Зомин,  Жиззах-Боғдон-Қизилча-Хонбанди автомобиль йўллари ёқасига кўчат экиш ишлари олиб борилаяпти.

Шароф Рашидов туманини Фориш тумани билан боғловчи ҳамда Нурак-Қоратош, Фориш тумани маркази-Хонбанди маҳалласигача бўлган автомобиль йўлларининг ҳар икки ёқасида икки ва тўрт қатордан айни пайтда ижроси учун масъул бўлган корхона ва ташкилотлар томонидан қайрағоч дарахти кўчати экилаётир.

150 нафар ишчи ходимларимиз, 12 та техникаларни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми учун кўчат экишга жалб қилганмиз,—дейди “Жиззахйўлкўкалам” ДМ бош агрономи Латиф Болибеков. —Жамоамиз бу йилги кузги мавсумда халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари ёқасига 50 минг туп манзарали дарахт кўчатларини экиш вазифасини олишган.

Вилоят штабидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 16 ноябрь куни 704 минг тўрт юз туп, мавсум бошлангандан бери эса 2 млн 807 минг туп кўчат экишга эришилган.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ  олган суратлар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *