Жамият тараққиётида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ижтимоий ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаол иштирок этмоқда.
2026 йилда Жамоат фонди танловлари ва давлат ижтимоий буюртмалари доирасида жами 10 та лойиҳа учун 2 миллиард 570 миллион сўм маблағ назарда тутилган. Шундан 8 та лойиҳага 1 миллиард 130 миллион сўм, 2 та давлат ижтимоий буюртмасига эса 1 миллиард 440 миллион сўм тўғри келади.
Лойиҳаларнинг муҳим қисми электр ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда маҳаллаларда қулай шароитлар яратишга қаратилди.
Жумладан, «Тараққиёт» нодавлат нотижорат ташкилотининг Зарбдор туманида спорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 150 миллион сўмлик лойиҳа ва «Юксалиш» ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмасининг Шароф Рашидов туманидаги «Совунгарлик» маҳалласида ичимлик суви таъминотини яхшилашга доир 150 миллион сўмлик ташаббуси шулар жумласидандир.
Шунингдек, «Мададкор» ижтимоий-ҳуқуқий ахборот марказининг Зафаробод туманида электр инфратузилмасини яхшилашга қаратилган 120 миллион сўмлик лойиҳаси, «Жонли табиат» жамоат бирлашмаси вилоят бўлимининг Фориш туманида электр таъминотини яхшилашга доир 150 миллион сўмлик ташаббуси ҳамда «Эл равнақи» нодавлат нотижорат ташкилотининг Шароф Рашидов туманидаги аҳоли хонадонларини электр энергияси билан таъминлашга қаратилган 200 миллион сўмлик лойиҳаси ҳам қўллаб-қувватлаш учун белгиланган ташаббуслар қаторида қайд этилди.
Ушбу йўналишдаги амалий ишлардан бири Бахмал туманидаги «Дўстлик» маҳалласида кузатилган. «Мададкор» нодавлат нотижорат ташкилоти лойиҳаси доирасида 50 та темир-бетон электр устуни ва 2 минг метр СИП-2 кабели харид қилиниб, янги электр тармоқларини тортиш ишлари бажарилди.
Шароф Рашидов туманидаги «Совунгарлик» маҳалласи Сирғали кўчасида ҳам ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 100 метрдан ортиқ чуқурликда артезиан қудуғи қазилиб, сув чиқариш ишлари амалга оширилган. Бундай ташаббуслар аҳолининг асосий эҳтиёжларини қондириш ва турмуш сифатини оширишга хизмат қилади.
Ижтимоий лойиҳаларнинг яна бир муҳим йўналиши таълим, касб-ҳунарга ўргатиш ва аҳоли бандлигини таъминлашдир.
Жиззах шаҳридаги 32-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таълим олаётган ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун технология ва касб-ҳунар хоналарини замонавий ускуналар билан жиҳозлашга қаратилган лойиҳа учун 440 миллион сўм ажратилиши белгиланган. «Тараққиёт» нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан илгари сурилган ушбу лойиҳа ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва келгусида касб эгаллаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
«Истиқлол авлоди» ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказининг аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш ва эҳтиёжманд оилалар даромадларини оширишга қаратилган давлат ижтимоий буюртмаси учун 1 миллиард сўм ажратилди.
Шу билан бирга, Пахтакор туманидаги «Дилором» маҳалласида суғориш суви таъминотини яхшилаш натижасида 15 та кўп қаватли уйда яшовчи 200 дан ортиқ хонадон аҳолиси учун мевали ва манзарали кўчатларни парваришлаш, бўш ерлардан фойдаланиб, полиз экинлари етиштириш имконияти яратилди.
Жиззах вилоятидаги ушбу ташаббуслар фуқаролик жамияти институтларининг маҳаллий муаммоларни ҳал этишдаги ўрнини кўрсатади. Бироқ ижтимоий лойиҳалар самарадорлигини фақат ажратилган маблағлар билан эмас, балки уларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий натижалари билан баҳолаш муҳим.
Зеро, ижтимоий ташаббусларнинг ҳақиқий самараси янги инфратузилма объектлари барпо этилиши, таълим ва бандлик имкониятлари кенгайиши, аҳолининг кундалик муаммоларига ечим топилишида намоён бўлади.
Элдор ЖАББОРОВ,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази
Жиззах вилояти ҳудудий
бўлинмаси бош мутахассиси.