ТАРИХ ВА ТЕХНОЛОГИЯ УЙҒУНЛИГИ

Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ёдгорлик музейида замонавий 3D технологиялар ва рақамли инновациялар асосида янгиланган экспозициянинг синов тариқасидаги очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда “Шароф Рашидов ёдгорлик музейини замонавий 3D-технологиялар асосида модернизация қилиш” давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар тақдим этилиб, музейга робот-гид, тарихий шахснинг рақамли қиёфаси, интерактив воситалар ва мультимедиа имкониятлари олиб кирилди. Маросимда меҳмонлар дастлаб янгиланган экспозиция билан танишдилар.

Тадбирда Шароф Рашидов номидаги халқаро жамоат фонди бошқаруви раиси Гулнора Рашидова, вилоят ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев, сенатор Ҳусан Эрматов, жамоат арбоблари, Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутатлари, тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ташриф буюрувчилар Шароф Рашидовнинг ҳаёти, фаолияти, тарихий даврлар ҳамда музей экспонатлари ҳақидаги маълумотларни замонавий технологиялар ёрдамида олишлари мумкин. Экспозицияга жорий этилган робот-гид ташриф буюрувчилар билан мулоқот қилиш, музей бўйлаб экскурсиялар ўтказиш, экспонатлар ҳақида овозли маълумот бериш ва саволларга жавоб қайтаришга мўлжалланган. У ўзбек, рус ва инглиз тилларида мулоқот қила олиши билан музейга ташриф буюрган хорижий меҳмонлар учун ҳам қулайлик яратади. Иштирокчилар бевосита янги технологияларнинг имкониятларига гувоҳ бўлдилар.
Лойиҳанинг яна бир муҳим янгилиги — Шароф Рашидовнинг юқори аниқликдаги 3D рақамли образини яратишдир. Унинг 1968–1973-йиллардаги қиёфаси асосида ишлаб чиқилган рақамли эгизак тарихий шахснинг ташқи кўринишини имкон қадар ҳаққоний акс эттирган. Мазкур технология орқали меҳмонлар Шароф Рашидовнинг рақамли образи билан сценарий асосида мулоқот қилиш, унинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотларни интерактив шаклда олиш имкониятига эга бўлишлари мумкин. Бу ечим тарихий шахс ҳақидаги маълумотларни оддий матн ёки тасвир орқали эмас, жонли мулоқотга яқин форматда тақдим этиш имконини беради.

Музей экспозициясига АР технологиялари, QR-кодлар, мультимедиа контенти, ЛEД экранлар ва смарт-телевизорлар ҳам жорий этилди. Улар орқали архив ҳужжатлари, фото ва видеоматериаллар, тарихий лавҳаларни намойиш қилиш, экспонатлар ҳақидаги маълумотларни кенгроқ ёритиш мумкин. Рақамли воситалар музейга ташрифни янада мазмунли ташкил этиш, турли ёшдаги томошабинлар учун ахборотни қулай ва тушунарли шаклда етказишга хизмат қилади.
Модернизация жараёнида ҳомийлик кўмаги ҳам муҳим аҳамият касб этди. “TRANS GROUP” компанияси томонидан музейга юқори сифатли LED экранлар ва смарт-телевизорлар тақдим этилиб, тарихий фото ҳамда видео ҳужжатларни намойиш қилиш имкониятлари кенгайтирилди. Бу эса архив материалларини рақамлаштириш, сақлаш ва уларни кенг жамоатчиликка етказиш ишларига кўмаклашади.
Музейдаги тақдимотдан сўнг тадбир Жиззах шаҳридаги “BMB HOLDING”нинг Жиззах офиси анжуманлар залида давом этди. Бу ерда модернизация қилинган Шароф Рашидов ёдгорлик музейининг очилишига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Конференцияда сўзга чиққанлар Шароф Рашидовнинг давлат бошқаруви ва мамлакат тарихида тутган ўрни, унинг юрт тараққиёти йўлидаги хизматлари, бой маънавий мероси ҳамда тарихий хотирани асраш масалаларига тўхталдилар. Музейлар фаолиятини замонавий технологиялар билан бойитиш, тарихий маълумотларни ёш авлодга янги усуллар орқали етказиш, рақамли имкониятлардан фойдаланиб, маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб этишнинг аҳамияти таъкидланди. Мазкур лойиҳа Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмаси танловида Шароф Рашидов номидаги халқаро жамоат фонди ғолиб бўлиши натижасида амалга оширилди. Уни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Маданий мерос агентлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Шароф Рашидов номидаги халқаро жамоат фонди ҳамда “Magister Art” ижодий компанияси ўртасида тўрт томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Музейнинг янгиланган экспозицияси Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий материалларни замонавий технологиялар орқали намойиш этиш, ташриф буюрувчиларнинг маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тарихий меросни сақлаш ва тарғиб этишда рақамли ёндашувлардан фойдаланишнинг амалий намунасидир.

Худойберди ЗИЁТОВ.
Ш.ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *