Халқ депутатлари вилоят Кенгашида Кенгашнинг еттинчи чақириқ 38-сессиясига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш мақсадида доимий комиссия йиғилишлари бўлиб ўтди.
Кенгашнинг коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишини комиссия раиси Баҳодир Назаров бошқариб борди.
Кун тартибидан ўрин олган “2025 йилда ҳудудда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисида”ги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили Ўткир Жўраевнинг ҳисоботи эшитилди.
Унда айтилишича, 2025 йил давомида Омбудсманнинг вилоят вакилига келиб тушган 378 та мурожаатнинг асосий қисмини меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда суд қарорларидан норозилик ҳолатлари ташкил этади. Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида судларга 66 та ариза ва даъво ҳужжатлари киритилган ва уларнинг барчаси тўлиқ қаноатлантирилган. Натижада фуқаролар ҳисобига 200 млн сўмдан ортиқ миқдордаги иш ҳақлари ва бошқа тўловларнинг ундирилишига эришилган. Ҳисобот якунида депутатлар мурожаатларда кўтариладиган масалаларни тизимли таҳлил қилиш ва давомий юзага чиқувчи муаммоларни аниқлаш юзасидан ўз таклифларини ўртага ташлашди.
Шундан сўнг бўлиб ўтган маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишида комиссия раиси Акрам Раҳмонқулов йиғилганларни кун тартибидаги масалалар билан таништирди. Комиссия аъзолари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳудудларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад ва харажатлар ижросини сифатли таъминлаш, бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, ташқи реклама ва ахборот объектларининг чизма лойиҳасини тасдиқлаш, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган бир нечта МЧЖларнинг солиқ турларидан шаклланган солиқ қарздорликларини тўлашни кечиктириш каби масалаларни қизғин муҳокама қилишди.
Шунингдек, Кенгашнинг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишида “Вилоятда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида назорат ва тарбиявий ишларни кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.