Ажабо, шундай вақт тезлашиб кетдики, бундай глобаллашган замонда гўёки ҳамманинг кундалик шиори фақат “олға”! Орқага қараш, ўтмиш ёки тарих билан гўё ҳеч кимнинг дарди йўқдек… Ёшим етмиш беш ёшни қаршилаб Равотнинг Молтоб қишлоғида улғайдим, ёшлигимдан ўзлик деган масалага жуда қизиққанман. Мен билан суҳбат қилган баъзи кишилар мени “қуйма қулоқ” экан дейишади. Яширишга ҳожат йўқ шундай гапдан хурсанд бўлмай бўладими?!.
“Молтоб дегани нима ёки Молтоб ўзи ким, қайси қавмдан?”деган саволлар бисёр, бу борада турли хил жавоблар бўлган. Шулардан менга энг маъқули, Ғаллаорол туманидаги 26-сон мактабда 37 йил ўқитувчилик қилган, сарбозорлик, меҳнат фахрийси Жуман қизи Ўғилой опанинг 2000 йилларда ўртамизда бўлиб ўтган суҳбатдаги маълумотлари бўлди. Қўқон хонлиги ташкил бўлишидан тахминан бир аср муқаддам кўп уруғли ўзбекнинг қирқ қавмининг бек ёки бийлар хонадонининг бирида Жавли Жаббор исмли ўғилдан кейин бир ўғил фарзанд дунёга келган, исмини ота-онаси Абдумалик деб қўйган экан. Ота ва онаси Абдумаликни ёшлигидан тарбиялаб, элга таниқли бўлган бир эшони пирнинг уйига олиб борибди. Эшони пирнинг уйида керакли жумла илм ва одобу тарбиялар олиб, бу ерда кўп йиллар ходимлик қилиб, хизматларини ҳам ўтабди. Абдумалик эшоннинг барча синовларидан ўтиб, вояга етгандан кейин эшон унга қўл берибди ва ўзининг яхши кўрган қиз фарзандини Абдумаликнинг никоҳига берибди, вақти соати келиб, Абдумалик улуғ лавозимга хос ва мос деб топилиб, у подшоҳ ҳам бўлибди. Уларга Яратган тўрт ўғил ва бир неча қиз фарзандларни ато қилибди. Ўғилларига Бердиёр, Аллаёр, Дониёр ва Худоёр деб исм қўйибди. Болаларнинг ҳар бирининг феъл-атвори ўзига яраша ҳар хил экан. Онахон зимдан Бердиёрга қараб разм солса у жуда одобли, хушбичим, илм соҳиби, Аллаёр эса далаларга мол-қўйларни боқиб келишни жойига қўяди, Дониёр уйдаги боқма қўй-молларни қарашни жойига қўяр, Худоёр эрталаб уйқудан туриб, дастурхондаги яхши нарсаларни тановул қилар, қилган иши кураш, йиқитиш билан машғул экан. Онахон ўғилларига шундай ҳикматли бир баҳо берибди: Бердиёрдан тараганлар бек бўлсин, Аллаёрдан тараганлар бой бўлсин, Дониёрдан тараганлар (сўғим боқиб) сўғумбой бўлсин, Худоёрнинг айиқдек кучи бор ойув (айиқ) бўлсин деб нақл қилган экан. Буларнинг барчаси кейинчалик уйли-жойли, бола-чақали бўлиб, ўзга эллар дастлаб уларни Малик (Абдумалик) тўб деб, кейин-кейин Малик тўпни унутиб (уни бузиб айтиб) Молтоб деб айтиш одатга айланибди. Шундан ҳозиргача Молтоб деб келинади.
Уч ака-укаларнинг бирининг авлодидан Боймат деган киши бўлиб, Абдужаббор, Абдуғаффор ҳожи, Абдусалом учови унинг ўғилларидир. Абдуғаффор ҳожининг икки қизлари бўлиб, бири Хайринисо, иккинчиси марҳум ва машҳур адиб ва давлат арбоби Шароф Рашидовнинг умр йўлдоши Хурсаной опадир. Абдужабборнинг ўғли Бойгузорлик Мулло Бобоёрдир. Унинг Аҳрорқул, Ризоқул, Равшанқул деган уч ўғиллари бўлган. Ризоқул Бобоёров (1920-2010 й.й) билан 2002 йил бўлиб ўтган суҳбатда ушбу гапларни тасдиқлади. Ғаллаорол Молтобининг қандай қилиб, Жиззах Бойгузаридан отар-отар қўйлари ва бир неча чўпонлари билан чиқиб кетиб, дастлаб Заргар (ёки Сангзор ёни)га, кейин бир йил ўтиб Хўжабулоққа кўчганлиги тўғрисида гапириб берган эди.
Чор Россияси даврида 1883 йилда Жиззахда илк бор рус тузем мактаби очилган экан. Мазкур мактаб Шўро даврига келиб Наримонов номли илк етти йиллик илм даргоҳи бўлиб, унинг биринчи битирувчи қалдирғочлари — адиб Шароф Рашидов, Хурсаной Рашидова ва мазкур бойгузарлик Ризоқул Бобоёровлар бўлиб, у киши тарих ўқитувчиси бўлган. Ўзидан ва яқинларидан камина ўз вақтида кўпгина маълумотлар олганман ва маълумотларни тайёрлаш учун сўраб-суриштиришга кўп вақт ажратилган. Ёшларимиз ўз тарихидан оз бўлса-да, хабардор бўлсин дея ушбу мақолани ёзишга жазм қилдим.
Ортиқбой ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Шароф Рашидов тумани,Тинчлик маҳалласи.