“Юксалиш” ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими мажлислар залида маҳаллий ҳокимликлар, давлат ташкилотлари ва ННТлар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг мониторингига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари, сиёсий партия фаоллари, депутатлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Жамоатчилик эшитуви тадбири вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси, “Юксалиш” ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Музаффар Маматқулов томонидан олиб борилди.
Тадбирда дастлаб вилоят ҳокими ўринбосари Саҳобиддин Болиев сўзга чиқиб, жамоатчилик кенгашлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг халқ манфаатига дахлдор масалаларни ҳал этишдаги ташаббускорлигини ошириш борасида маъруза қилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-124-сонли Фармони ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Хусусан, фармонда қайд этилган давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда кенгашлар орқали таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кенгаш аъзоларига белгиланган чора-тадбирлар ижросини мониторинг қилишда янада фаолроқ бўлиш талаби қўйилди.

Шундан сўнг тадбирда сўз олган вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Раҳматулла Аҳмедов ПФ-124-сонли Фармон ижроси, кенгашлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш борасида кўрилган чоралар юзасидан ҳисобот берди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида жамоатчилик кенгашлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 32 та мониторинг, 11 та давра суҳбати, 5 та тарғибот акцияси ҳамда 4 та жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилиб, жараёнларга жами 2 136 нафар фуқаро жалб қилинган. Шунингдек, аҳоли манфаатларига дахлдор 6 та масала маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритилган.
Бу каби натижалар жамоатчилик кенгашларининг ҳудудлардаги ижтимоий жараёнлардаги иштирокини кучайтириш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечимига қаратилган таклифларни илгари суришдаги ўрнини кўрсатади.
Йиғилиш давомида шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг вилоят бошқармаси бошлиғи Бобир Махсудовнинг ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳаётда тенг мақомда иштирок этишини таъминлаш, улар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш борасида ҳудудда олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маърузаси тингланди.
Тадбир иштирокчилари якунда жамоатчилик кенгашлари фаолияти мониторингини янада кучайтириш ва бу борада фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш борасида ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган суратлар.