ХЎЖАНД САММИТИ: МАВЖУД МУАММОЛАР ВА УЛАР ЕЧИМИНИНГ ТАНТАНАСИ

Жорий йилнинг 31 март куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида аҳамияти бўйича беқиёс воқеа содир бўлди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг мустақил ривожланиш тарихида илк бор уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Ўн йиллар давомида чегара масалаларининг ҳал этилмаганлиги, айниқса, аҳолиси зич  Фарғона водийсида кескинлик ва низолар манбаи бўлиб келди. Бу ҳудудда уч мамлакат фуқаролари ёнма-ён, баъзан бир кўчанинг икки томонида яшаши, одатий ҳол. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара шартномаси, шунингдек, бугунги уч томонлама шартноманинг имзоланиши бу вазиятни тубдан ўзгартириб, юзага келиши мумкин бўлган низолар манбаини бартараф этди.

Энди чегаралар узил-кесил белгилангач, мамлакатларимиз учун савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва экологик ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Бунинг мисли кўрилмаган иқтисодий самараси тез орада ўзини намоён этади.

2017-2018 йилларда Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида чегара участкалари бўйича шартнома имзоланди.

Бундай келишувларга эришиш Марказий Осиёнинг барча давлатлари етакчиларининг кучли сиёсий иродаси, прагматик ёндашуви, ҳамкорлик ва ўзаро англашувга интилиши туфайли юз берди.

Энг муҳим натижалардан бири – бугунги кунда халқаро ҳамжамият Марказий Осиёга умумий ўзига хосликка ва ўзаро боғлиқ манфаатларга эга яхлит минтақа сифатида қарашни бошлади.

Умуман олганда, юқоридаги тарихий ютуқлар ҳатто энг мураккаб масалаларни ҳам очиқ мулоқот, ҳурмат ва ўзаро ишонч орқали самарали ҳал этиш мумкинлигига ёрқин мисолдир. Бугун Марказий Осиё бутунлай янги – жипслашган ва кучли, дунёга ва кенг кўламли шериклик учун очиқ минтақадир. Бу, албатта, қувонарлидир!

Инсоният тарихида қўшни давлатларни бирлаштирувчи ғоялар ҳар доим минтақа тараққиётининг локомотивига айланган. Минг йиллик дўстлик-биродарлик, ҳамжиҳатлик каби эзгу тушунчалар халқларимизнинг тақдирини белгиловчи асосий омиллар сифатида қаралган. “Куч – бирликда” деган ҳикмат ҳаётий ҳақиқат сифатида асрлар синовидан ўтиб келган.

Устозларимиз гугурт донасининг биттаси осон синиши, кўпи бирлаштирилса, синмаслиги орқали бирлик тимсолини уқтириб, бирлашган ҳолда улкан ишларни амалга ошириш мумкинлигидан таълим берган эди. Эндиликда муаллимлар айтган оддий ҳаётий ҳақиқат юксак сиёсий доирада, минтақавий даражада ўз исботини топаётганини кўриб қалбда ғурур туясан киши.

 Жорий йил 31 март куни Хўжанд шаҳри тарихий воқеа – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг уч томонлама саммитига мезбонлик қилди. Олий даражадаги учрашув нафақат ўзбек, тожик, қирғиз халқлари ҳаётида, балки бутун Марказий Осиё тарихида янги саҳифани очиб берди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров иштирокидаги уч томонлама олий учрашув минтақавий ҳамкорликда мисли кўрилмаган муҳим босқични бошлаб берди.

 Музокаралар доирасида томонлар ўзаро иқтисодий, миллий, сиёсий, ижтимоий ва маданий, трансчегаравий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш ва барқарор тараққиётга замин яратиш мақсадида қатор стратегик келишувларга эришди. Айниқса, давлатлар чегарасининг туташ нуқтаси бўйича тарихий делимитация-демаркация шартномаларининг имзоланиши ҳамкорлик мустаҳкам пойдеворга айланиб улгурганидан далолатдир.

Шубҳасиз, ушбу тарихий воқеа, нафақат сиёсий алоқаларнинг мустаҳкамланиши, балки уч халқ ўртасидаги тарихий, маданий ва руҳий яқинликнинг амалий ифодасидир.

 “Уч йўл туташуви” деганда энди нафақат географик, балки ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маънавий жиҳатдан туташган тақдирлар, умумий манфаатлар ва келажак йўллари тушунилади.

Глобаллашув шароитида ҳар бир давлат мустақил равишда ривожланиб бораётган бўлса-да, ўзаро интеграциялашиб, бир-бирининг ресурсларини тўлдириб боришда комплекс ёндашувлар устувор аҳамият касб этмоқда. Қишлоқ хўжалигининг 70 фоизи қўшни давлатлардан ўтадиган дарёлардан сув ичувчи Ўзбекистон учун сув ресурсларига эҳтиёж мавжуд бўлса, Тожикистон ва Қирғизистон замини табиий сув манбаларига бой. Ўз навбатида, Ўзбекистон техника, технология ва индустриал саноатда жадал ривожланаётган давлатдир. Бу эса, табиий бойликлар ва технологик имкониятларни ўзаро тўлдириш асосида “ресурс айирбошлаш” стратегиясини амалиётга жорий этишга имкон яратади.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги биродарлик ва институционал ҳамкорлик, айниқса, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг ўзаро алоқалари, минтақанинг барқарорлиги ва тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади. Ушбу уч давлатнинг табиий ресурслари ва иқтисодий имкониятлари бир-бирини тўлдириши, уларнинг стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга замин яратади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик охирги йилларда сезиларли даражада кучайган. Мисол учун, товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ошган, қўшма корхоналар сони эса 15 баробар кўпайган. Шу муносабат билан ҳукуматлар товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказишни, шу жумладан, ўзаро маҳсулотларни етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш ва чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга туширишни мақсад қилганлар.

Президентлар саноат кооперациясини чуқурлаштиришни ва энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика ва агросаноат каби турли тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга оширишни қўллаб-қувватлаганлар. Бундан ташқари, сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқот олиб бориш давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон – Тожикистон чегарасида халқаро савдо зонасини яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш мақсадида улгуржи тарқатиш марказларини қуриш каби лойиҳаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, агросаноат, тўқимачилик, фармацевтика, кимё, металлургия, электротехника, машинасозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш зарурлиги қайд этилган.

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон – Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,3 баробар ошган. Ўзбекистон Тожикистон билан ижобий савдо балансига эга бўлиб, МДҲда Молдовадан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Ўзбекистоннинг Тожикистонга товар экспорти 67 миллион долларни ташкил этган бўлса, Тожикистондан Ўзбекистонга 94 миллион долларлик маҳсулотлар импорт қилинган.

Шу билан бирга, Тожикистондан Ўзбекистонга асосан алюминий, электр энергияси, пахта толаси, руда, цемент, чарм, пилла, ипак хомашёси ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. Ўзбекистондан Тожикистонга эса тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар, пластмасса маҳсулотлари, пойабзаллар, керамика ва электр ускуналари каби товарлар етказиб берилмоқда.

Уч Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон – ўзаро табиий ресурслари ва технологик имкониятлари билан бир-бирларини мукаммал тўлдиради. Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган сув ресурсларига бўлган эҳтиёжи бор экан, Тожикистон ва Қирғизистон мўл гидроэнергетика салоҳиятига эга бўлиб, бу ўзаро манфаатли энергия алмашинувига катта имкониятлар яратади. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг илғор саноат технологиялари Тожикистон ва Қирғизистоннинг иқтисодий ривожланишида катта роль ўйнаши мумкин, бу эса минтақавий интеграцияни янада кучайтиради.

Ўзбекистон Қирғизистонга автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси, ўғитлар, маиший техника, тўқимачилик маҳсулотлари ва қурилиш материалларини етказиб бериш орқали иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда. Қирғизистон эса Ўзбекистонга кўмир, гўшт, сут, мева-сабзавотлар ва трикотаж маҳсулотлари каби товарларни таклиф қила олади. Бу товарларнинг алмашинуви икки томонлама иқтисодий муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

2016 йилга нисбатан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қўшма корхоналар сони сезиларли даражада, яъни 8 баробар ошган ва ҳозирги пайтда уларнинг сони 320 тадан ортиқни ташкил этади. 2017 йил 16 августда Бишкек шаҳрида икки давлат ўртасида чегараларни делимитация ва демаркация қилиш бўйича муҳим ҳукуматлараро битим имзолангани, ҳудудий низоларни ҳал этишда катта қадам бўлмоқда. Натижада 2024 йилга келиб, товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион доллардан ошган, бу қўшма инвестиция фондларининг самарали фаолияти ва турли соҳалардаги кооперация лойиҳаларининг амалга оширилиши билан боғлиқ.

Ҳудудлараро ва ишбилармонлик алоқалари, маданий алмашинувлар фаоллашгани савдо ва инвестициялар оқимини кучайтирган. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон “Абадий дўстлик” декларациясини имзолади. Давлат раҳбарлари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон дўстлиги тимсолини очдилар. Уч томонлама савдо майдончасини ташкил этиш ва саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун доимий кўргазма-ярмаркаларни йўлга қўйиш каби янги ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.

Кооперацияни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон раҳбари қўшма инвестиция жамғармаларининг капиталини босқичма-босқич оширишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, транспорт алоқаларини ривожлантириш, авиақатновлар сонини кўпайтириш ва чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишларини йўлга қўйиш каби тадбирлар давом этмоқда.

“Яшил” энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳалар, сув ва экология дастурлари ҳам диққат марказида бўлиб, булар минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва халқлар фаровонлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардир.
Хулоса қилиб айтганда, Хўжанд саммити ва ундаги  тарихий келишув мамлакатларимиз тарихида янги саҳифа очиб, “бир асрлик муаммо”га нуқта қўйди ҳамда бутун Марказий Осиё минтақасининг узоқ муддатли барқарорлиги ва равнақи учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Ботир Узоқов,

ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти

Хошим Хидиров,

ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *