“Қизни нима учун ўқитиш керак?” деган саволга кўпчилик: «Келажакда фарзандларини яхши тарбиялаши учун», деб жавоб беради. Бу фикрда ҳақиқат бор: билимли онанинг дунёқараши фарзанд тарбиясига таъсир кўрсатади. Аммо қиз боланинг таълимини фақат келажакдаги оналик вазифаси билан изоҳлаш унинг бугунги орзу-мақсадлари, қобилияти ва мустақил танловини эътибордан четда қолдирмайдими?
Қиз бола — аввало, билим олишга интиладиган, ўз қизиқишлари ва истеъдодига эга инсон. У олим, шифокор, муҳандис, тарихчи, ўқитувчи ёки тадбиркор бўлишни орзу қилиши мумкин. Бу орзуларнинг амалга ошиши шахсий интилиш билан бирга оила ва жамият яратадиган имкониятларга ҳам боғлиқ. Қизлар таълими тарихига назар ташлаш бугунги саволларнинг илдизларини яхшироқ англашга ёрдам беради.
Жадидлар: маърифат миллат тараққиётининг шарти
XIX аср охири –XX аср бошларида Туркистонда шаклланган жадидчилик ҳаракати жамиятни таълим ва маърифат орқали янгилашга интилди. Жадидлар янги усул мактабларини очиш, матбуотни ривожлантириш ва таълим мазмунини ўзгартириш билан бирга оила, тарбия ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида ҳам фикр юритдилар. Жадид матбуотида қизлар таълими, эрта никоҳ, тўй-маросимларга ортиқча маблағ сарфлаш ва оилада саводхонликни ошириш масалалари кўтарилган. Тарихчи Мадина Далиеванинг 2026 йилда чоп этилган тадқиқотида 1906-1917 йиллардаги «Тараққий», «Садои Туркистон» газеталари ва «Ойина» журнали материаллари шу нуқтаи назардан таҳлил қилинади. Гавҳар Раҳимованинг ишида ҳам «Тараққий», «Хуршид», «Садои Туркистон» ва «Ойина» нашрларида хотин-қизлар таълими, ижтимоий фаоллиги ва ҳуқуқий ҳолатига оид масалалар ёритилгани кўрсатилади. Жадидлар қарашларини бир хил деб бўлмайди: ҳар бир муаллифнинг фикрини ўз асари ва даври шароитида баҳолаш зарур. Шу билан бирга, қизлар таълими тарихи фақат эркак маърифатпарварлар фаолияти билан чекланмайди. Туркистонда отинойилар ва бибиотинлар анъанавий таълим орқали қизларнинг саводхонлиги ва маънавий тарбиясига ҳисса қўшган. Дилшод Барно ва Анбар Отин мероси ҳам аёлларнинг таълим ва адабий ҳаётдаги ўрнини алоҳида ўрганиш муҳимлигини кўрсатади.
Моҳичеҳра Ғуломованинг 2026 йилда эълон қилинган тадқиқотида 1910-1924 йилларда Туркистондаги жадидчилик муҳитида аёлларнинг таълим, матбуот ва хайрия ишларидаги иштироки кўриб чиқилган. Муаллиф бу фаолиятга оид маълумотлар даврий нашрлар ва архив ҳужжатларида тарқоқ ҳолда сақланганига эътибор қаратади. Демак, аёлларнинг тарихий ўрнини тўлиқроқ англаш учун улар ҳақидаги ёзувлар билангина чекланмай, ўзларининг хатлари, матбуотдаги чиқишлари ва ташаббусларини ҳам излаш керак. Далил етарли бўлмаган жойда эса уларнинг ролини бўрттириб кўрсатмаслик лозим.
“Ҳужум”: ислоҳотлар ва инсон тақдири
1920 йилларда Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти кескин ўзгарди. Совет ҳокимияти саводсизликни тугатиш, хотин-қизларни таълимга жалб этиш ва уларнинг жамоат ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришни сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айлантирди. 1927 йил 8 мартда расман бошланган «Ҳужум» кампанияси паранжи ташлаш ва хотин-қизларнинг жамоат ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган сиёсий тадбирлардан бири эди. Бироқ уни таълим соҳасидаги барча ўзгаришлар билан тенглаштириш ҳам, фақат битта тушунча билан баҳолаш ҳам тарихий жараённи соддалаштиради.
Америкалик тарихчи Марианна Кэмпнинг «The New Woman in Uzbekistan: Islam, Modernity, and Unveiling under Communism” асарида бу жараён аёлларнинг ҳаётий тажрибалари ва хотиралари асосида ўрганилади. Муаллиф айрим аёллар паранжини ўз хоҳиши билан ташлаганини, бошқалари эса босим ва мажбурлашга дуч келганини кўрсатади. Кампания даврида зўравонлик ва фожиали воқеалар ҳам содир бўлган. Рабиа Ҳаннинг 2025 йилда эълон қилинган тадқиқоти эса 1926–1934 йиллардаги «Янги йўл» журнали материаллари асосида маҳаллий муносабат бир хил бўлмаганини кўрсатади: қаршилик билан бирга ўзгаришларни қўллаб-қувватлаган кишилар ва аёл фаоллар ҳам бўлган.
Бу тарихдан чиқадиган хулоса оддий, аммо муҳим: ислоҳотни фақат унинг эълон қилинган мақсадига қараб баҳолаб бўлмайди. Уни амалга ошириш усуллари ва одамларнинг шахсий тажрибаси ҳам ҳисобга олиниши керак. Таълим ва тенг имкониятлар ҳақидаги ҳар қандай сиёсат инсоннинг ҳуқуқи, хоҳиши ва танловини ҳурмат қилгандагина барқарор натижа бериши мумкин.
Таълимдан касбгача: имкониятлар қандай рўёбга чиқади?
Кейинги ўн йилликларда хотин-қизларнинг таълим олиши ва касб эгаллаши имкониятлари кенгайди. Аёллар илм-фан, таълим, тиббиёт ва иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшиб келмоқда. Лекин таълим олиш имкониятининг кенгайиши меҳнат бозоридаги барча тўсиқлар бартараф этилди, дегани эмас.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда иқтисодиётда банд бўлган хотин-қизлар сони 6,44 миллион кишига етган. Улар жами иш билан банд аҳолининг 43,1 фоизини ташкил этган. Бу кўрсаткичлар хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий ҳаётидаги иштирокини кўрсатади. Бироқ бандликнинг ўзи аёлларнинг меҳнат бозоридаги барча имкониятларини ифодаламайди: муносиб иш топиш, касбий ўсиш, иш ҳақи ва оилавий масъулиятни уйғунлаштириш шароитлари ҳам муҳим. Қиз мактабни яхши баҳолар билан тугатиб, олий маълумот ва касб эгаллаши мумкин. Бироқ иш топиш, оилавий юмушлар ёки бола парвариши сабаб ўз соҳасида ишлаш имконияти чекланса, буни фақат шахсий қобилият ёки танлов билан изоҳлаб бўлмайди. Оилавий шароит, меҳнат бозори ва жамиятдаги қарашлар ҳам аҳамиятга эга.
Ҳар бир аёлнинг ҳаёт йўли турлича: кимдир илмий фаолият ёки тадбиркорликни, бошқаси оилавий ҳаётни устувор деб билади. Муҳим жиҳат –инсоннинг ўз йўлини эркин танлай олиши. Фарзанд тарбияси ва уй юмушларини фақат аёл зиммасига юклаш ҳам тўғри эмас. Ота-онанинг биргаликдаги масъулияти аёлнинг ўқишни давом эттириши ва касбий ривожланишига ёрдам беради.
Маърифатнинг бугунги мезони
Бугун рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва илм-фандаги ўзгаришлар инсондан доимий ўрганиш, танқидий фикрлаш ва янги кўникмаларни эгаллашни талаб қилмоқда. Қизларнинг билим олиши ва ўз қобилиятини намоён этиши уларнинг шахсий келажаги билан бирга жамият тараққиёти учун ҳам аҳамиятли. 2019 йилда Ўзбекистонда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларидан биридир. Бироқ ҳуқуқнинг қонунда белгиланиши унинг амалда тўлиқ таъминланганини англатмайди: таълим олиш, касб танлаш, ишлаш ва касбий ўсиш учун амалий шароит ҳам зарур.
Билимли аёл фарзанд тарбиясига ҳисса қўшиши мумкин, аммо таълимнинг қиймати фақат шу билан белгиланмайди. Аёлнинг шахсий камолоти, касбий ютуқлари, илмий изланишлари ва жамиятга қўшган ҳиссаси ҳам мустақил аҳамиятга эга. Жадидлар меросидан бугунгача бўлган тарих таълимнинг жамият тараққиётидаги ўрнини кўрсатади. Аммо билимнинг ҳақиқий самараси инсонга нафақат ўқиш, балки ўз қобилиятини намоён этиш ва ҳаёти ҳақида мустақил қарор қабул қилиш имконияти берилганда тўлиқроқ очилади. Қизни яхши она бўлиши учун ҳам ўқитайлик. Муносиб касб эгаллаши, илм-фанга ҳисса қўшиши ва орзуларини амалга ошириши учун ҳам ўқитайлик. Энг муҳими, уни мустақил фикрлайдиган, билим олишга интилувчи ва ўз ҳаёти ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли инсон сифатида қадрлайлик.
Маърифатли она — маърифатли миллат. Маърифатли жамиятнинг белгиси эса ҳар бир қиз болани келажакда ким бўлишидан қатъи назар, бугуннинг ўзидаёқ қадрли шахс сифатида кўра билишидир.
Фания АХМЕДШИНА,
Жиззах давлат педагогика университети
профессори, тарих фанлари доктори.