Вилоят қўғирчоқ театрида янги спектакль премьераси бўлиб ўтиши ҳақида эълонни ижтимоий тармоқда кўргач, қизалоғимни олиб бормоқчи бўлдим. Ишдан рухсат сўрадим, боғчага кирдим. Она-бола маданий дам олиш мақсадида театрга йўл оларканмиз, унинг чиройлилиги (ҳақиқатда бино жуда ҳам кўркли), спектаклнинг қизиқарли бўлиши ҳақида гапириб бордим. Биринчи марта бораётгани учун фарзандимнинг қизиқиши баландлиги табиий эди.
Аммо фойега кириб борарканмиз, бир гуруҳ болажонлар – томошабинлар қайтиб чиқиб келаётганига кўзим тушиб, тарвузим қўлимдан тушди. Дарҳақиқат, контроллер опа сеанс тамом бўлганини билдирди. Соат эндигина 11:00 бўлганди. Бир зумда фиғоним фалакка чиқди – ахир бу рекламадаги вақт эди-да. Шахт билан директорнинг кабинетига кириб бордим.
-Кечирасиз, эълонда томоша вақти 11:00 этиб кўрсатилган. Аммо олдинроқ қўйиб юборилибди.
Директор мени босиқлик билан тинглагач, масъулларни чақиртирди. Маълум бўлишича, МТМлардан болажонлар анча эрта келишган экан. Уларни кўп куттирмаслик учун томоша вақтлироқ намойиш қилинибди.
-Эътирозингиз ўринли. Сизлар учун спектакль намойиш этилади, – деди Жиззах вилоят қўғирчоқ театри директори Ориф Маматов.
Ишониб-ишонмай, кассадан чипта харид қилдик, томоша залига кириб жойлашдик. Унга қадар эртак қаҳрамонлари ва хаёлий образлар билан безатилган театрдаги манзаралар қизимни жуда ҳам қизиқтириб қўйганини сездим. Саҳнага конферансье чиқиб, “Дўстлик боғи” спектакли намойиш этилишини эълон қилди.
Парда очилди. Саҳнага Қуёнча, Бузоқча ва Хўрозвой қувлашмачоқ ўйнаб чиқиб келишди. Қуёнча блогер экан, Бузоқча ерга йиқилиб тушганини ҳам видеога олиб, ижтимоий тармоққа жойламоқчи бўлганида унга ақлли Хўрозвой қаршилик қилди. Ундан кўра дўстига ёрдам кўрсатса, яхши бўлишини билдирди…

40 дақиқалик саҳна кўринишида учала дўст боғ яратишга аҳд қилиб, бу йўлда оч Бўрининг адабини бериб қўйишлари, уни ҳам ўз сафларига олишлари қувноқ, самимий ифодаланган. Воқеалар бир-бирига боғланган, ишонарли ва ёрқин гавдалантирилган. Ўзим ҳам маза қилдим, қизалоғим эса шундай олам борлигидан ҳайратини, қувончини яшира олмас эди. Кулгули саҳналарда маза қилиб кулиши, Бўрининг ҳайбатидан қўрқиб, менинг пинжимга тиқилиши унинг воқеаларга чиндан ҳам ишонаётганидан дарак берарди.

Блогер Қуёнча эртак якунида барчани боғ олдида селфи тушишга таклиф қилиши ҳаётий чиқди. Z-авлодни ишонтириш керакку ахир.
Томоша жуда ҳам яхши бўлди. Жамоа бир нафар томошабин учун ҳам қойилмақом ижро этди. “Дўстлик боғи” яратувчилари – драматург Акбар Абдуллаев ҳамда режиссёр, шунингдек, Бўривой роли ижрочиси Бегзод Солиевнинг ижодий ҳамкорлиги жуда яхши ҳосила берибди. Актёрлар – Раъно Болтабоева, Бегзод Юнусов ва Ҳусанбой Усмоновнинг маҳоратига қойил қолдик.

Театр жамоасининг профессионал ижроси бир тараф бўлса, томошабинни ҳурмат қилиши яна бир эътиборли жиҳатидир. Бир нафар томошабинни жалб қилиш ҳам ўзига яраша машаққат. Бугун театрга бормай қўйдик, унинг нима эканлигини унутдик. Аммо Жиззахда шундай ажойиб маданият даргоҳлари борки, арзимаган пул эвазига чексиз маънавий ҳордиқ олиш мумкин. Бир замонлардаги каби театр ложалари гуррос тўлса, гуллар олиб келинса, деган истак қамраб олади хаёлингни. Ёш томошабинлар театрининг томошабинга ҳурматини қаламга олмаслик инсофдан эмас.
Сиз ҳам фарзандингизни, неварангизни театрга олиб боринг, токи гаджетлардан толиққан руҳияти бир зум бўлса-да, ором олсин. Экранга тикилиб қуруқшаган кўзлари жонли ижро завқидан порласин. Уларга ҳаётимизнинг шундай манзиллари борлигини кўрсатиш орқали ўзимиз ҳам руҳан тозариб боришимиз аниқ.
Муқаддас САПАРОВА.