Ёш ҳарбийлар форуми

Фарзандларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари куч тузилмалари билан ҳамкорликда 2023 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини самарали амалга ошириш юзасидан “Ёш ҳарбийлар форуми”ни ўтказиш белгиланган.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 29 ноябрь куни Жиззах гарнизони Маънавият ва маърифат марказида вилоятда жойлашган ҳарбий қисм ҳамда муассасалардаги ёш ҳарбий хизматчилар, ходимлар ҳамда ёшлар иштирокида форум ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Муродбек Раҳмонбердиев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Нуриддин Кадировлар сўзга чиқиб, форумнинг мақсад ва вазифалари ҳамда йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Шундан сўнг спортнинг қўл жанги йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпиони, Жиззах гарнизони ҳарбий хизматчиси Рамзиддин Омонов сўзга чиқиб, спорт соҳасида эришган ютуқлари, кейинги мақсадлари тўғрисида сўзлаб берди.

Тадбирда Қуролли Кучлар тизимидаги бошланғич ташкилот етакчилари ўртасида ўтказилган “Энг намунали бошланғич ташкилот етакчиси” танлови ғолиблари, шунингдек, хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар диплом, қимматбаҳо совғалар, китоблар тўпламлари билан тақдирланди. Форумда  Жиззах гарнизони ҳарбий хизматчилари томонидан фахрий қоровул, қўл жанги чиқишлари  ва ҳарбий оркестр жамоасининг Ватанни мадҳ этувчи  куй-қўшиқлари йиғилганларга ўзгача завқ бағишлади. Ёш ҳарбийлар форумида 1000 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар ва ёшлар қатнашди.

Раҳмонжон АЧИЛОВ,

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят

кенгаши мутахассиси, подполковник.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *