ЯНГИОБОДДА ЯНГИ ПОЛИКЛИНИКА БАРПО ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023-2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан воҳада бир қатор ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, йўл ҳамда муҳандислик коммуникация тармоқларини ривожлантириш чоралари белгиланган.

Бу борада Янгиобод туманида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилди. Хусусан, яқинда “Янгиобод” ШФЙ ҳудудидаги туман тиббиёт бирлашмаси қошида аҳоли учун тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида 50 қатновли кўп тармоқли поликлиника биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бинонинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев, вилоят ҳокими ўринбосари Латибжон Аҳмаджонов, шифокорлар, депутатлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирни туман ҳокими кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли турмуш тарзи ва саломатлигини яхшилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталди. Мазкур тиббиёт маскани ҳам аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар маҳсули эканини таъкидлади. Тадбир давомида вилоят ва туман мутасаддилари поликлиника биносида аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

—1 млрд. 250 млн. сўм маблағ эвазига қад кўтарган ушбу тиббий муассасамизда стоматолог, кардиолог, педиатр, терапевт, гинеколог, эндокринолог каби қатор йўналишлар бўйича малакали шифокорлар хизмат кўрсатади, — дейди Янгиобод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Акмал Кенжаев. —Эндиликда туман аҳолисини соғлом турмуш тарзига риоя этиши, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишда янада сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши учун замин яратилди. Албатта, аҳоли бундан жуда мамнун. Шу ўринда бундай ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари учун муҳтарам Президентимизга, қолаверса, вилоят ва туман раҳбарларига чексиз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Жамоатчилик вакиллари янги шифо масканини кўздан кечирар экан, ўз хурсандчиликларини яшириб ўтиришмади. Шу кунги тантана катта байрамга айланиб кетди.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *