АТРОФ-МУҲИТ ҲИМОЯСИ – ДАВЛАТ НАЗОРАТИДА

Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 49-модда

Аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланган. Уларнинг жамоатчилик назорати асосида ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши давлат ва жамиятнинг уйғунликдаги ҳаракатини тақозо этади.

Биргина сўнгги уч йилда вилоятимизда қурилишлардан норози бўлиб, аҳолидан 1 минг 522 та мурожаат келиб тушган бўлиб, судлар томонидан Жиззах шаҳрида 20 дан ортиқ қурилишлар тўхтатиб қўйилди. Автомобиллар сони 130 мингтага кўпайиб, 360 мингтага етгани, ҳар йили атмосфера ҳавосига 220 минг тонна саноат ва транспорт ташланмалари чиқарилаётгани ҳам атроф-муҳит муҳофазаси масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётганлигидан далолат беради.

Шу муносабат билан, давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади, деган норма мустаҳкамланди.

Шаҳарларнинг бош режаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилиши шартлиги ҳақидаги конституциявий қоида ҳозирги шароитда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган шаҳарсозликка оид масалаларни халқимиз билан бамаслаҳат ечиш имконини беради.

Конституцияда ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Аҳолимиз ва келажак авлод учун экологик тоза ҳудудни сақлаб қолишнинг конституциявий кафолатлари яратилди. Ушбу ўзгаришлар аввало тоза ва мусаффо атроф-муҳит, демакки, ўзимиз учун эканлигини англаб етишимиз лозим.

 

Эмил КАРИМОВ,

 вилоят Экология, атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси юристконсулти.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *