Ҳар бир халқ, миллат мустақилликка эришганидан сўнг жаҳонда суверен давлат сифатида ташкил топганлиги, мақсади, келажак истиқболларини ўз Конституциясида белгилаб қўяди. Чунки, дунёдаги мавжуд конституцияларнинг барчаси миллатнинг сиёсий тафаккури, маънавияти ва маданияти билан узвий боғлиқдир.
Йиллар ўтган сайин Конституциямизни янада мустаҳкам, ҳаётий келажакнинг талабларига жавоб бера оладиган даражада янада мукаммал қилиб яратиш давр талаби эканлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири умумҳалқ муҳокамасига қўйилди. 2023 йил 30 апрелда ўтган умумхалқ Референдумида янги таҳрирдаги Конституция маъқулланиб, 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди.
Янгиланиш натижасида, Бош Қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Экспертлар фикрларига кўра, Конституция 65 фоизга янгиланди. Янги таҳрирдаги Конституциядаги ўзгаришлардан энг асосийларидан Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон–суверен демократик республика” жумласи “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” деган жумлалар билан ўзгартирилди.
Биргина, ушбу моддадаги ижтимоий давлат деган жумладан тушуниш керакки, энди давлат ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олмоқда. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурларининг ишлаши, имконияти чекланган ва қўллаб-қуватлашга муҳтож фуқароларга кўмак бериш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларига ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти яратилади.
Бироқ, “Давлат ўзининг ижтимоий мажбуриятларини қачон тўлақонли бажаради?” деган савол ҳам туғилиши табиий ҳол. Бунинг учун жамиятдаги ҳар бир фуқаро ўз мажбуриятларини тўлақонли бажариши лозим. Масалан, фуқароларнинг солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлашлари ҳам нафақат бурч, балки давлат ўз вазифа ва функцияларини тўлақонли амалга ошириши учун муҳим омил ҳисобланади. Буни ҳар бир фуқаро онгли равишда англаб етиши лозим.
Энг асосийси ушбу янгиланган Конституция бўйича ўтказилган референдумда мамлакатимиз фуқаролари фаол иштирок этиб, ўзи, оиласи, фарзандлари ва мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун таклифлар беришди ҳамда овоз беришди.
2023 йил мамлакатимиз фуқаролари учун жуда катта аҳамиятга эга йил бўлди. Барча миллати, дини, тили, ёшидан қатъи назар, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб жамият ва давлатнинг тараққиёт йўлини белгилаб берадиган янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилдик. Жонажон Ватанимиз тараққиётининг янги босқичга олиб чиқувчи давлатимиз раҳбарини сайладик. Бу ҳам мамлакатимиз тарихида янги даврни бошлаб берадиган улкан сиёсий-ижтимоий воқеа бўлди.
Нигора УСМОНОВА,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш
маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси
етакчи мутахассиси.