9 декабрь– Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
2003 йил 21 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон резолюцияга асосан, 2004 йилдан эътиборан 9 декабр – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини белгилашдан мақсад — коррупция муаммосини тубдан тушуниш ва Конвенциянинг коррупция билан курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги аҳамиятидир. Шунингдек, жаҳон мамлакатларида жамият ривожига ғов бўлаётган коррупция хавфига қарши курашишни таъминлашга қаратилган бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган БМТининг Коррупцияга қарши конвенцияси соҳадаги энг асосий дастуриламал десак хато бўлмас.
Давлатимиз раҳбари 2016 йил октябрда, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатидаги илк сайловолди маърузасидаёқ маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар баробарида Ўзбекистоннинг барқарор ривожига хавф туғдираётган таҳдидлар орасида айнан давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорлик ривожига жиддий тўсиқ бўлиб келаётган коррупция масаласига барчанинг эътиборини қаратди. Шу даврдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлиги остида коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланиб, изчил қадамлар қўйилди.
Жорий йилнинг 27 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлашга қўйилган асосий қадамлардан бири бўлди. Фармонга кўра, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ҳар ярим йилда жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга имкон берган омилларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар Миллий кенгаш йиғилишларида тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб бориш белгиланди.
Шунингдек, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб ҳудудлар кесимида “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами) маълумотлар, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати(рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами), давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат), марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақида, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши белгиланди.
Айтиш лозимки, бугун виртуал қабулхона, халқ қабулхонасига қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти юқоридаги каби ҳолатлар билан боғлиқ. Биргина бу эмас. Турли тоифадаги касбий ва ижодий имтиҳонлар, илмий даражасини олиш учун илмий кенгаш томонидан ўтказиладиган диссертация ҳимояси интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартибини жорий этилиши келгусида ушбу жараёнлардаги эътирозлар, тушунарсиз вазиятлар, турли зиддиятларнинг олдини олишга замин яратади.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда жамият ва давлатнинг бирламчи умумий мақсадига айланди. Шу муносабат билан халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини нишонлаш юртимиз тараққиёти учун муҳим қадамларни ифодалайдиган кун ҳисобланади.
Алишер УСМАНКУЛОВ,
Жиззах политехника институти ректори,