ИЖТИМОИЙ СОҲА ОБЪЕКТЛАРИ ОАВ НИГОҲИДА

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди.  Тадбирга вилоятимизда фаолият олиб борувчи оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар таклиф этилди. Вилоят ҳокимининг  ўринбосари Акмал Савурбаев ҳамроҳлигида тадбир иштирокчилари вилоятимизда ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишдилар.

Дастлаб ОАВ ходимларидан иборат гуруҳ аъзолари Жиззах вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига ташриф буюришди. Қисқа муддатда қайтадан таъмирланган бино ва иншоотлар, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари натижасида теварак-атроф янада чирой очди. Аҳолига пулли хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар эвазига  марказ қайта таъмирланди, хоналар зарур тиббий, маиший, хўжалик жиҳозлари билан тўлдирилди. Реабилитация марказида 151 нафар ходим меҳнат қилади. Ўтган йили нафақат вилоятимиздан, шунингдек, қўшни вилоятлардан ҳамда республикалардан келган 3800 нафардан ортиқ беморлар (ордер билан ва пуллик хизмат)  шу ерда даволанди.

Тиббиёт муассасаси фаоллар залида ОАВ ходимлари учун ташкил этилган матбуот анжумани ҳамда тақдимот маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Нодирбек Шарипов ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган хизматлар, имтиёзлар, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва галдаги янги  режаларга тўхталиб этди. Журналистларнинг қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.

Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили Жиззах политехника институти қошида очилган муҳандислик мактаби бўлди. Шу ерда  дуал таълим, олий ва касбий таълим, рақамлаштириш бўйича ўтган йили эришилган натижалар, муҳандислик мактаби, ёшлар технопарки фаолияти ҳақида Касбий таълим агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Сарвар Назарқосимов, автомобилсозлик-муҳандислик мактаби директори Сирожиддин Жиянбоев, Рақамли технологиялар вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий шуъбаси бошлиғининг ўринбосари Дилшод Болибековлар  тақдимот қилишди.

Журналистлар саноат муҳандислиги, электромобиллар тузилиши, таннарх  муҳандислиги, бенчмаркинг каби назарий ва амалиёт хоналаридаги талабалар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Шунингдек, реал завод муҳити яратилган мини-конвейер линиясини кўздан кечиришди. Вилоятимиздаги йирик автомобиль ва ишлаб чиқариш корхоналари учун зарур малакали мутахассислар, муҳандислар шу ерда тайёрланади.

Куннинг иккинчи ярмида пресс-тур иштирокчилари Шароф Рашидов туманининг Оқтош маҳалласи ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивига йўл олишди. Журналистлар ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилган Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими, Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Жиззах филиали, Жиззах вилояти кураш маҳорат мактаби, 60-умумтаълим мактаби ҳамда 28-давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам бўлишди.

Зоир КАЛОНОВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *