Оғирлиги 16 килограммгача, бўйи 130 сантиметргача етадиган, узоқ масофаларга уча оладиган улкан қушни эшитганмисиз? Туяқушни эслатадиган бу парранда вилоятимизнинг иккита туманида учрайди.

Тувалоқ деб аталадиган йирик қуш қишлаш учун бизнинг вилоятимизга шимолдан учиб келади. Ҳозирги кунларда орнитологлар ва ҳаваскор табиатшунослар бу қушларни Ғаллаорол ва Фориш туманларининг тоғ олди ва дашт ҳудудларида кузатишмоқда. Тувалоқни топиш ва унинг орқасидан кузатув ишларини олиб бориш анча қийин, сабаби бу қуш жуда эҳтиёткор. Бўйи баландлиги учун ва сезгир ўткир кўзлари ёрдамида хавфни жуда узоқдан кўра олади. Оёқлари бақувват ва кўпроқ вақтини ерда озуқа излаб ўтказади. Инсонни ёки бошқа ҳайвонни бир ярим-икки километрдан кўриши биланоқ қоча бошлайди, янада яқинлашадиган бўлса учиб кетади. Бир-икки километрдаги тупроқ ранг қушни дабдурустдан кўриб қолиш, уни томоша қилиш унча-мунча одамга ҳам насиб қилавермайди.
Тувалоқ ўтган XX асрнинг ўрталаригача юртимизда жуда кўп учрайдиган оддий қуш ҳисобланган, ўша тоғ олди текисликларида ва даштларида дон-дун экиладиган жойларга уя қуриб, икки–учта тухум қўйиб, полапон очиб кўпайиб турган. Қишлоқ хўжалиги ривожланиб, трактор ва бошқа транспорт воситаларнинг кўпайиши натижасида уларнинг уялари бузилиб кетди. 1960 йиллардан кейин уларнинг ини бу ҳудудларда деярли учрамаган. Аҳолининг қўлида ов қуроллари кўпайиб, қонуний ва ноқонуний ов қилиш авжига чиқиш ҳам тувалоқлар сонининг кескин камайиб кетишига сабаб бўлди. Уларнинг омон қолганлари шимолроқга – Қозоғистон, Россия ва баъзи маълумотларга кўра Мўғулистон тарафларга миграция қилишган. Тувалоқ бутун жаҳон бўйлаб юқоридаги сабаблар туфайли камайиб кетмоқда. Уларнинг сони дунё бўйича атиги 33000 дона атрофида деб ҳисобланади.
Ҳозир 60 ёш ва ундан кичик инсонлар бундай улкан қуш борлигини тасаввур ҳам қила олишмайди. Ҳатто 1959 йили юртимизда тувалоқни ов қилиш тақиқланган ва кейинроқ 1983 йили босмадан чиққан биринчи Ўзбекистон Қизил китобига йўқолиб бораётган тур сифатида киритилган.

Охирги йилларда бу қушларнинг юртимизга қиш мавсумида учиб келиши ҳолатлари кўпайди. Экин-тикин йиғиб олингандан кейин далаларда қолиб кетадиган буғдой ва арпа, дуккакли ўсимликларнинг қолдиқлари тувалоқларни ўзига чорлайди. Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти, Биохилмахилликни ўрганиш ва сақлаш маркази ҳамда Германия табиатни ва био-хилмахилликни асраш қўмитаси ҳамкорлиги доирасида республикамизда ва айнан Жиззах вилоятида “Тувалоқни транчегаравий ўрганиш ва муҳофаза қилиш“ мавзусида тадбирлар олиб борилди. Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамиятининг ходимлари ва аъзолари маҳаллаларда, ўқув юртлари ва дала даштларда деҳқон-фермерлар ва чўпонлар билан суҳбатлар ўтказишди. Бу қушнинг юртимизда кўпайиши учун унга қандай ёрдам бериш ва асраш йўллари ҳақида кўрсатмалар берилди. Тувалоқни отиш қонун йўли билан қатъиян тақиқланган. Бунинг учун жарима миқдори айни вақтда 390 миллион сўмни ташкил этади. Учрашув ва суҳбат иштирокчиларига тувалоқ қуши тасвирланган рангли календарь, плакат ва буклетлар тарқатилди.
Сувон РАҲИМОВ,
Ўзбекистон қушларни ҳимоя қилиш жамияти аъзоси.