Қилмиш-қидирмиш
Инсонлар қалбини забт этишга уринаётган диний экстремистик ташкилотларнинг асл мақсади бузғунчилик эканлигини соғлом фикрли одамлар аллақачон англаб етганлар. Интернет ижтимоий тармоқларига ин қуриб олган баъзи ғаламислар ялтироқ сўзлар билан оммани чалғитишга уринмоқда.
Наргиза Йўлдошева нуфузли олийгоҳнинг битирувчи талабаси (мақоладаги исм ва фамилия ўзгартириб берилмоқда) ана шундайлардан бири. У ҳам кўр-кўрона интернет тармоғи орқали диний мазмундаги материалларни сақлаш ва тарқатиш билан шуғулланиб келган. Унга тегишли бўлган “Redmi Not 8” русумли телефони жорий йилнинг 8 август куни текшириб кўрилганда, телефон аппарати орқали “Телеграмм”, “Инстаграм” ижтимоий тармоқларида турли диний мазмундаги маърузаларни обуначиларга тарқатиб келганлиги маълум бўлди.
Наргиза Йўлдошева судда ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон экани, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини баён этиб, енгиллик беришни сўрасада, жиноят ишлари бўйча туман суди қарори билан унга нисбатан 800 000 сўм жарима жазоси қўлланилиб, телефон аппарати давлат фойдасига мусодара қилинди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, билимсизлик, калтабинлик, узоқни кўра билмаслик туфайли Наргиза Йўлдошева йўлдан адашди. Энди у кўзи очилиб, оқу қорани яхши ажратадиган бўлса, ажабмас.
Мақола суд ҳукми асосида тайёрланди