Гиёҳвандлик кўчасига кириб бир умрга ногирон бўлиб қолганларни, касалларни кўрсангиз ҳар қандай тошбағир одам ҳам ачинади. Оғу сотиб, панжара ортида пушаймон бўлаётганларнинг қисмати нақадар оғир. Қорадорининг қора қилмишлари ҳақида бугунги кунда билмаган, эшитмаган одам йўқ. Аммо кўра била туриб бу ажал уруғининг ортидан югура-югур қилаётган кимсалар ҳам охир-оқибат қўлга тушишини билсада, ўзини ўтга отаяпти.
Шароф Рашидов туманидаги Шариллоқ маҳалласида яшовчи Дармон Чўлиев (исми-шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шундайлардан бири экан. Шу пайтгача бирор ишнинг бошини тутмаган 37 ёшли йигит гиёҳванд моддалар сотишга муккасидан кетганлардан бири.
Дармон Самарқанд шаҳрида яшовчи “Асилбек” исмли шахс билан олдиндан жиноий тил бириктиради. У Самарқанд вилояти, Булунғур тумани ҳудудидан ўтган М-39 Тошкент—Термиз автомобиль йўлининг 1045 километридаги “1.18.2-ўнгга торайиш” йўл белгиси ёнидаги кичик чуқурликка қиймати 29721600 сўмга тенг бўлган 2400 АҚШ долларини полиэтилен пакетга ўраган ҳолатда жойлаштиради. Сўнгра ўзининг “TECNO LC7” русумли телефон аппарати орқали пул маблағлари турган жойнинг локациясини “WhatsApp” мессенжери орқали Асилбекка жўнатади. Ўзи эса Самарқанд шаҳрига йўл олади. Орадан бироз вақт ўтгач Асилбек Дармон билан келишилганидек махфий жойга яширилган пулни олади. Ўз навбатида бошқа бир махфий жойга пакетга ўралган қорадорини яшириб, ҳамтовоғига локация ташлайди.
Шу куниёқ Дармон Асилбек яшириб кетган 358,51 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини қўлга киритади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Дармоннинг “Жентра” русумли автомашинаси холислар иштирокида текшириб кўрилди. Машинанинг ҳаво фильтри ёнидан бир дона полиэтилен пакетга ўралган ҳолатдаги малла-қўнғир рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, қаттиқ қайишқоқсимон модда борлиги аниқланди ва тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Ўтказилган судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, машинадан топилган модда гашиш гиёҳвандлик моддаси эканлиги исботланди. Суд мажлисида Д.Чўлиев айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.
Одил суд Дармон Чўлиевга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Далилий ашё сифатида олинган “Гашиш” гиёҳвандлик моддаси тегишли тартибда йўқ қилинадиган бўлди.
Қиссадан ҳисса деганларидек, 37 ёшли навқирон йигитнинг саргузаштлари шу ерда тугади. Ҳуқуқуни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг саъй-ҳаракати билан кўпчиликнинг бошига кулфат олиб келиши мумкин бўлган яна бир жиноятнинг олди олинди. Чунки, Дармон сотмоқчи бўлган қорадори барибир қора қилмишини қиларди. Кўплаб одамлар ушбу оғудан заҳарланарди, соғлигига путур етарди. Эндиликда уни оқ ювиб, оқ тараган, вояга етказган ота-онаси, турмуш ўртоғи, қолаверса яқинларининг аҳволи нима бўлдийкин?! Унинг беш нафар болалари-чи?!
Албатта, панжара ортида жовдираган кўзларни кўриб, ҳар қандай одам ачинади. Энди Дармоннинг дардига ҳеч ким қулоқ солмайди, унга малҳам ҳам йўқ. Қонун барчага баробар. Ҳар ким қилмишига яраша жазо олиши шарт. Балки баъзи одамлар учун нафс балосини жиловлаш қийиндир. Аммо ана шу балони жиловлаш учун унга ақл-идрок берилган-ку!
Лочин БЕК.