АВТОБУСЛАР ҚАЧОН “ОДАМ БЎЛАРКИН”?

“Жиззах ҳақиқати” газетасининг 2023 йил 17 июнь сонида “Автобус бекати қаерда?” сарлавҳали мақолам чоп этилгач, мени вилоят телерадиокомпаниясига ток-шоуда иштирок этишга таклиф қилишди. Унда автобуслар қатновига масъул ходим ҳам иштирок этди, аммо унга берган аччиқ саволим жавобсиз қолгани учун кўрсатувнинг ўша қисми кесиб ташланган эди…

Соҳа масъуллари ҳеч бўлмаганда ҳақиқий аҳволни билиш учун жамоат транспортига тез-тез чиқиб туришлари лозим, назаримда. Ахир яқиндагина Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан топшириғидан сўнг транспорт вазири ишга жамоат транспортида қатнай бошлади-ку?!

…Бугун яна автобусга миндим. Манзилим бор-йўғи тўрт бекат, 2-3 км. масофа эди. Минганимга пушаймонлар едим, чунки у ҳар 10 метрда тўхтар эди. Йўловчилардан бири ҳамроҳига “Тушликка уйга борақолай деб автобусга мингандим, вақтим йўлда ўтиб кетди” деяётганини эшитиб қолдим. Ҳайдовчига “Нега дам-бадам тўхтайверасиз?” деб сўрасам, “Керак бўлса ҳар қадамда тўхтайман” деган қўпол жавоб олдим. (Ҳа, бошқачасини кутмагандим ҳам.) Пиёда юрганимда шу масофани ўн дақиқада босиб ўтган бўлардим аслида.

Дарсга киришимдан олдин бу ҳолат менга яхшигина босим ўтказди. Ахир шаҳар транспорти узоқни яқин қиладиган восита эмасми ёки шаҳар бўйлаб сайр қилдириш деган вазифаси ҳам борми? Навбатдаги мақолам орқали соҳага масъул инсонлардан жамоат транспорти ҳаракатини тартибга солиш ишларига бефарқ бўлмасликни сўраб қоламан. Жамоат транспорти меъёрида ишласа, одамларнинг шахсий автоуловга эҳтиёжи, ҳаваси бироз камаяди. Масаланинг экологик жиҳатларини айтмай қўя қолай. Автобус фойдаланувчиларига сабр-тоқат тилашдан бошқа илғорроқ ечимлар топилишига умид қилиб

Баҳриддин ЎРАЛОВ,

ЖДПУ ўқитувчиси.   

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *