ЯНГИ ЙЎЛ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Йўл қурмоқ савоб дейишади. Сўнгги йилларда нафақат мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ҳам йўлсозлик соҳасини ривожлантириш, йўлларни халқаро талаблар даражасига келтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Йўлсозлар томонидан замонавий йўл, йўл ўтказгич, кўприк, пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўллари бунёд этилаётгани аҳолининг  узоғини яқин, мушкулини осон, энг асосийси, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 Юртимиз узра  Наврўз шодиёналари  ва Ийди Рамазон ҳайити шукуҳи  кезиб юрган шундай паллада Жиззах шаҳрининг Тошлоқ маҳалласи ҳудудидаги энг гавжум Шароф Рашидов ва Шифокорлар кўчаси кесишган чорраҳада янги замонавий йўлнинг фойдаланишга топширилиши  жиззахликларнинг қалбига қувонч олиб кирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 декабрда вилоятимизга ташрифи чоғида  Жиззах шаҳридаги тирбандликларнинг бартараф этиш учун 10 километрли айланма йўл қуриш бўйича топшириқ берганди. Янги барпо этилган йўл ана шу топшириққа асосан йўлсозлар томонидан лойиҳада белгиланган 1-босқичдаги амалга оширилган ишлар самарасидир.

Буюртмачи Жиззах Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДМ ва пудратчи “NURLI TO’LQIN SERVIS” МЧЖ қурувчилари томонидан барпо этилган янги йўлнинг қурилиш лойиҳаси 6 млрд 471 миллион сўмни ташкил этди.1-чорак якуни билан фойдаланига топширилган Жиззах шаҳрининг Шароф Рашидов ва Сайилжойи кўчасини боғловчи янги йўлнинг узунлиги  370 метрни, кенглиги 26,5 метрни ташкил этади. Йўлнинг асосий қисми 11 метр бўлиб, учта поласадан иборат.

Янги йўлда 11 та қуёш панелли ёритиш чироқлари, йўлнинг икки четида пиёдалар, ногиронлар учун ҳамда  велосопедда ҳаракатланувчилар учун йўлаклар барпо этилган. Шунингдек, йўл чети тўрттадан ўриндиқ ва  чиқинди қутилари билан таъминланди.  Янги йўлнинг бошланиш ва охирги қисмларига замонавий турдаги автомобиль ва пиёдалар светафорлари ўрнатилди.

Янги йўлнинг очилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимга Жиззах шаҳрининг фаоллари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, отинойилар, Тошлоқ, Сайилжойи, Турон маҳалласи фуқаролари, қурувчилар, ОАВ ходимлари таклиф этилди. Тадбирда сўзга чиққан Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, меҳнат фахрийлари Сағдулла Шукуров, Зокир Мансуровлар янги йўлнинг афзаллиги, аҳамиятига тўхталиб, жиззахликлар  учун байрам туҳфаси бўлганлигини таъкидлашди. Шундан сўнг йўлни барпо этган қурувчиларга анъанага мувофиқ Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан  миллий тўн кийдирилиб, эсдалик совғаси топширилди.

Оқсоқоллар иштирокида рамзий алвон тасма қирқилиб,тадбир  иштирокчилари янги йўл бўйлаб сайр қилишди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Жўраев иштирок этди.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (Фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *