Озод элга ободлик ярашади

Янгиобод туманида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракати учун йўл инфратузилмасининг яхшиланаётгани, янги сув тармоқлари ўтказилаётганлиги натижасида маҳалла ва кўчалар қиёфаси тобора кўркам тусга кирмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўзида туманда 45 км.дан ортиқ асосий ва ички йўлларга асфальт ётқизилиб, 35 км.дан ортиғи эса шағаллаштирилди. “Янгиобод туманидаги маҳаллаларда биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси”га асосан Баландчақир МФЙ ҳудудидаги Мустақиллик кўчасининг 2 км.дан ортиқ қисмига асфальт ётқизилиб, бу янгилик маҳаллада чинакам байрамга айланиб кетди.

Конституциямиз байрами арафасида ташкил этилган маросимда туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев иштирок этиб, йиғилганларни Асосий Қонунимиз қабул қилинган кун қолаверса, маҳалладаги янги ўзгаришлар билан табриклади ва буларнинг барчаси халқ фаровонлиги учун эканини таъкидлади.

—Туманимизда аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш, ушбу соҳада йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда, —дейди туман ҳокимлиги матбуот хизмати котиби Дилмурод Ражабов. —Юртимиз бўйлаб Конституция байрами арафасида туманнинг Сармич маҳалласида иккита сув иншооти фойдаланишга топширилиб, бу маҳалла аҳли учун чинакам байрам совғаси бўлди.

Маҳалла аҳли амалга оширилаётган бундай ўзгаришлар ва эзгу ишлар учун давлатимиздан миннатдор бўлишиб, шукроналар айтишди. Мазкур лойиҳа доирасида Сармич кўчасида 2,3 км. ҳамда Турон кўчасида 1,7 км.лик тармоқ тортилиб, сув қудуқларининг ишга тушиши натижасида Дашт ҳамда Қаторбоғ кўчаларидаги 120 дан ортиқ хонадонларнинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжлари қондириладиган бўлди.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *