Кутилмаганда мамлакат раҳбари билан юзма-юз бўлиб қолсангиз, нима қилган, нима деган бўлардингиз?
…Ўша куни кечки пайт оила аъзолари жам бўлишиб, шаҳарда янги очилган савдо мажмуасига боришди. Болалар ўйин майдончасида мириқиб ўйнашди, ота рўзғор учун бозорлик қилди, она ўғиллари билан турли беллашувларда қатнашди. Тўнғичи Сухроббек чапдастлик қилиб, мерганлар баҳсида ғолиб чиқиб, рамзий кубокни қўлга киритди. Ғалабадан шодон болалар кенг фойеда қувончдан ирғишлаб турган пайтда эшикдан бир гуруҳ расмий кийинган, жиддий, аммо қарашлари самимий кишилар кириб кела бошлашди. Улар ортидан Сухроббек телевизорда кўплаб марта кўрган Президент – Шавкат Мирзиёев кирди ва тўғри шодон болакайлар томон юрди. Уйида дадасини ҳар куни кечқурун “Ассалому алайкум. Хуш келибсиз, марҳамат!” деб кутиб олишга одатланмаганми, Сухроббек шу заҳотиёқ Президент қучоғига отилди ва баралла “Ассалому алайкум, Президент бобо. Жиззахга хуш келибсиз!” дея бийрон сўзлаб ўз хурсандчилигини билдирди…
-Сухроббек тўнғич ўғлим, Жиззах шаҳридаги 40-сонли МТМ тарбияланувчиси, – дейди отаси Сардор Турсуналиев. – Боғчада шахмат билан шуғулланади, яқинда муассаса миқёсида ўтган турнирда ғолиб бўлди. Ўша кунги учрашув оиламиз учун йилнинг энг эсда қоларли воқеаси бўлди, десак янглишмайман. Ҳамон ҳаяжонимнинг чеки йўқ. Оилавий сайрга чиққанимизда давлатимиз раҳбари билан учрашиш, суҳбатлашиш, эсдаликка суратга тушиш жуда кутилмаган ҳол бўлди. Ўғлим қўлида кичиккина кубок, ҳаяжонланмасдан “Катта бўлганимда кўп ўринлар олиб келаман” деб ваъда берганида ўзимизни жуда бахтиёр ҳис этдик. Бу воқеадан сўнг унинг шахмат билан янада чуқурроқ шуғулланиши учун шароит яратиб берамиз.
6 ёшли Сухроббек Икромжонов Президентга берган ваъдасининг устидан чиқишига астойдил киришган – қўшимча машғулотлар, шахмат тўгараги ҳамда мактабга тайёрлов дарсларини қунт билан ўзлаштирмоқда. Онаси Гулноза Турсуналиева Жиззах шаҳридаги 4-сонли мактабда инглиз тили ўқитувчиси. Кенжатой ўғил Муҳаммадқодир ҳам худди акаси каби Ватан таянчи, спортчи бўлишни истайди. Асли Фарғона вилояти Боғдон туманидан бўлган бу бахтли оила Жиззах қучоғида униб-ўсиб, орзуларини чинга айлантиришмоқда. Оила боши Сардор Турсуналиев учун ушбу кун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. У ҳам тадбиркор сифатида, ҳам объективлар орқали тарихга муҳрланган болакайнинг отаси сифатида Ватан олдида қарздорлик, масъулият юкини янада кўпроқ ҳис этди.
Жиззах ана шундай бахтиёр оилалар ватани, орзулар ва интилишларни руҳлантирувчи юртдир. Бахтиёр оиланинг, Сухроббекнинг янги ютуқлари ҳақида йиллар ўтиб, яна қадрдон газета саҳифаларида хабарлар босилса ажаб эмас. Ахир у Президентга ваъда берди!
Муқаддас САПАРОВА.