Қонун-қоидаларга амал қилинсагина ҳаётимиз бехавотир, тинч ва осуда кечади. Кундалик турмушимизда ўзи оддий, аммо аҳамияти катта бўлган йўл-йўриқлардан доимо хабардор бўлмоғимиз лозим.
Аҳоли яшаш уйларини қурилишида, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда қурилиш меъёр қоидаларига амал қилиш зарур. Яъни ҳар бир уйлар орасида ёнғин хавфсизлиги бўйича оралиқ масофалар қолдирилиши керак. Биринчи уй иккинчи уйнинг томи билан туташган бўлса, уйнинг том ёпмалари четини 60 см.ли ёнғинга қарши девор билан кўтариш шарт. Биноларнинг девор ва шифтлари бунёд этилаётганда тез алангаланувчи материаллардан фойдаланмаслик лозим. Том қисмидаги юк кўтарувчи конструкцияларида ёғоч ишлатиладиган бўлса, ёнғинга қарши махсус кимёвий суюқлик билан ишлов берилиши шарт. Бинога кириш чиқиш эшиклари ташқарига қараб енгил очилишини кўзда тутиш жуда муҳим.
Оловга нисбатан жиддий муносабатда бўлиб, ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидаларига тўла ва аниқ амал қилсак, хавф-хатардан ҳоли бўламиз. Қурилиш масканларида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш, янги қурилиш масканларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш нафақат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг, балки қурилишга алоқадор бўлган ҳар бир фуқаро, мансабдор шахс, оддий қурувчи ва ишчининг бурчи ҳисобланади.
Ёнғинни ўчиришдан кўра, унинг олдини олган осонроқдир. Тилсиз ёвнинг кишиларга моддий талофат етказиб, инсонлар умрига завол бўлишига йўл қўймаслик бугунги кунда ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бунинг учун аввало ўз уйимизда ҳушёрликни оширайлик. Ҳушёр инсон ҳач қачон панд емайди.
Акрам ЮСУПОВ,
Жиззах вилояти ФВБ Шаҳарсозлик
соҳасида профилактика бўлимининг
бош инспектори, капитан.