ЯНГИ ИНШООТЛАР ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Янги йил арафасида вилоятимизда бир қатор маъмурий ва  ижтимоий соҳа  иншоотларининг фойдаланишга топширилиши анъанага айланиб улгурди.  

  Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, маҳаллалар инфратузилмаси, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатда инсон қадри, халқимиз саломатлиги ва ёшларимиз истиқболига алоҳида эътибор қаратилаётгани бунинг ёрқин ифодасидир.  

Жумладан, Жиззах шаҳрининг “Амир Темур” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 180 ўринга мўлжалланган 41-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланиб, қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилди ва қайта жиҳозлаш учун 5 миллиард 963 миллион сўм маблағ сарфланди. 

“Заргарлик” МФЙ ҳудудида янгидан қуриб битказилган 30-сонли ихтисослашган умумий ўрта таълим мактаби 990 ўринга мўлжалланган. Таълим муассасасининг умумий лойиҳа қиймати 4 миллиард 378 миллион сўмни ташкил этади. Шароф Рашидов тумани “Раваллиқ” маҳалласи ҳудудидаги 31-сонли ихтисослашган умумтаълим мактаби 1 минг 680 ўринга мўлжалланган. Мактабнинг умумий лойиҳа қиймати 6 миллиард 785 миллион сўмни ташкил этади. Ушбу ҳар иккала ихтисослашган мактабга қабул қилинган ўқувчи ва ўқитувчилар тест синовлари ва суҳбат жараёнларидан ўтиб, танлов асосида қабул қилинган.

Яна бир эътиборга молик томони, Жиззах шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 31-сонли ихтисослашган мактабга ўқувчилар асосан Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманидан қабул қилиниши кўзда тутилган. “Олмазор” массивида янгидан қуриб фойдаланишга топширилган Жиззах шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли 6-сонли оилавий поликлиника 200 қатнов ўринга мўлжалланган. Ушбу шифо маскани ҳам асосан, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчиларга хизмат кўрсатади.  

 Дўстлик туманидаги “Чинобод”, Арнасой туманидаги “Зарафшон”, “Бахтли”, “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги маъмурий биноси ҳам янги йил байрами арафасида  фойдаланишга топширилиши шу маҳаллалар фуқаролари учун қулайлик яратди.

Янги йил байрами арафасида Дўстлик тумани марказида “Flora med”  хусусий клиникаси фаолиятини бошлади. Тадбиркор Шаҳобиддин Қулматовнинг саъй ҳаракати билан 30 млрд. сўмлик лойиҳа доирасида 60 ўринга мўлжалланган замонавий клиника ташкил этилди.

Тиббиёт муассасаси энг сўнгги русумдаги ультра товуш, эндоскоп, электро кардиограмма, энцефалограмма, эндокардиограмма каби тиббий диагностика ускуналари билан жиҳозланди. 50 дан ортиқ иш ўрни яратилган клиникада катталар ва болалар неврологияси, терапия, кардиология, гинекология, физиотерапия каби бўлимлар фаолият кўрсатади. Пойтахтдан олий тоифали ва тажрибали шифокорларнинг ишга таклиф этилгани аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширади.

 Янги барпо этилган иншоотлар янги йил  арафасида шу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли учун  байрам туҳфаси сифатида ёдда қолди.

Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *