Янги йил байрами арафасида юртдошларимиз оила аъзолари ва яқин инсонлар ҳамроҳлигида байрамни кўтаринки руҳда нишонлаш, Янги йил шукуҳини ҳис қилиш истагида тадбир ва тантаналарга ташриф буюрадилар. Байрам кунлари вилоят мусиқали драма театри, вилоят қўғирчоқ театри, шунингдек, кўплаб бадиий жамоалар, фольклор-этнографик ансамбллари юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, обод турмуш манзаралари ҳамда одамлар онгу шууридаги туб ўзгаришлар, яратувчанлик, бунёдкорлик ишларини акс эттирган қизиқарли дастурларни намойиш этиши кўзда тутилган.
Байрам арафасида ранго-ранг панно ва чироқлар билан безатилган шаҳримиз кўчалари нафақат жиззахликларга балки меҳмонларга ҳам бир олам завқ-шавқ, кўтаринки кайфият улашмоқда. Одамлар қалбида фараҳбахш кунлар учун шукроналик ҳиссини ошириб, эзгу ниятларни уйғотмоқда. Эртак қаҳрамонлари, Қорқиз ва Қорбоболар байрам базмларини янада гўзаллаштириб, кичкинтойларга қувонч улашмоқда.
–Янги йил элимизга, юртимизга қутлуғ келсин, –дейди ғаллаороллик бувижон Ойниса Ҳайдарова. –Диллар ҳамиша қувончларга тўлсин! Ҳар йили набираларим билан шаҳар марказига ўрнатилган арча атрофида байрам томошаларига келамиз. Бу йилги концерт дастурлари ўзгача тайёрланган. Айниқса, болажонлар қўшиқлар, рақслар киши кайфиятини янада кўтаради. Набираларим ҳам қувончдан ич-ичига сиғмай кетаяпти. Минг марта эшитгандан бир марта кўриб, энг муҳими, байрамона кайфият билан маданий ҳордиқ олишга нима етсин. Байрам барчага муборак бўлсин.
Чунончи, бугундан вилоят қўғирчоқ театри ижодкорлари томонидан “Йўқолган Янги йил” номли саҳналаштирилган концерт-шоусининг намойиш этила бошлангани кўплаб болажонларга чинакам Янги йил шукуҳини бахш этмоқда.
Бу каби байрам тадбирлари белгиланган режа асосида барча ҳудудларда 2024 йил 7 январга қадар давом эттирилади.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.