…Илгари мен уйда ҳамма атрофимга йиғиладиган энг гавжум жойи эдим. Менинг атрофимда овқатдан сўнг ҳам, суҳбатлар бўларди. Қўллар менга тегарди, кўзлар бир-бирига қарарди, сўзлар иссиқ эди. Бу ерда шунчаки қорин тўйдирилмасди, диллар ҳам тўярди.
Ваҳоланки, ҳар бир оила аъзоси қўлига телефон олгунча… Атрофимдаги қадрдон чеҳралар бир-бирларига кун қандай ўтганини айтиб берар, режалар тузишар, орзуларини айтишарди. Мен эса ҳаммасини эшитар, оғирини ҳам, ширини ҳам кўтариб турардим.
Кейин секин-секин бошқа “меҳмон” пайдо бўлди. Илк пайтлари у овоз учунгина керак эди. Кейин у ақлли бўлди. Ҳамма нарсани билди. Энди эса у одамлар назарида ҳамма нарсани қиладиган ва биладиган бўлди.
Ҳозир дастурхонга одамлардан олдин телефонлар “ўтиради”. Қошиқлардан аввал камера ишга тушади. Овқатнинг совуши эмас, интернетдаги тезлик муҳим. Унинг устида гаплар эмас, бармоқлар юради.
Илгари дуолар айтиларди. Ҳозир эса парол терилади. Илгари соатлар бонги эшитиларди, ҳозир “собшения” жаранги…
Телефон жуда имкониятли бўлди. У суратга олади, жонли эфир қилади, овоз юборишни билади. Лекин менинг атрофимда ўтирган одамларга эшитишни ўргатмади. У узоқдагиларни яқин қилди, яқиндагиларни эса узоқлаштиргандек, гўё…
Ҳозирда атрофимда ўтирадиганларнинг суҳбат ўрнида экранга тикилган нигоҳларида кўз ҳайрати, ён-верни назорат қилмаслик устунроқ…
Баъзан ток ўчади. Ана шунда мен яна Ўзимни эслайман. Қўллар бўшайди, кўзлар кўтарилади, сўзлар қайтади. Қисқа фурсатга бўлса ҳам, уй яна уйга ўхшаб қолади.
Лекин бу вақтинча. Ток келиши билан…Яна ўша манзара…
Мен эса ҳали ҳам шу ердаман. Илгари орзуларни кўтарган хонтахта, ҳозир муаммони кўтариб тургандекман…
Яхшилар, вертуал оламнинг ўчоғида ўтин бўлиб қолавермайлик! Яқин инсонларимиз билан юз кўришиб, суҳбат қурсак, улар билан ўтган болалаик чоғларни хотирлаб, дийдор кўришган афзал эмасми?! Зеро, одам тафтини одам олади. Замон нозик. Замон, инновация мани ҳасратларимни тингламаслиги мумкин. Бундан буён одамларга менинг керагим бўладими-йўқми — буниси ҳам қоронғу. Аммо бир нарсани аниқ биламанки, агар бир куни одамлар бу сукутни бузушса, қучоғим яна аввалгидек меҳрли кулгуларга, дилдош суҳбатларга тўлар эдими? А лаббай?!
Чўлпоной АҲМЕДОВА