Равшан ака институтдан чиқиб, шошилганча шаҳар марказига қараб йўл олди. У халқ депутатлари вилоят Кенгаши биносига етиб келганида қуёш уфққа ёнбошлаган, йиғилиш кечки соат олтига белгиланган эди.
У соатига қараб:
— Хайрият улгурдим, -деди ва шахдам қадамлар билан бинога кириб кетди.
Равшан акани мамлакатимиз мустақилликка эришган даврлардан биламан. У қаерда ишламасин, тартиб-интизомга қатъий риоя қиларди. Бирор ишни ваъда қилдими, албатта уддасидан чиқарди. Ўзи ҳам кечикиб юрганларни ёқтирмасди.
Жиззах политехника институтининг иқтисодиёт ва менежмент кафедрасининг доценти Равшан ака Ҳидоятовнинг ҳаёт йўлига назар ташласангиз бошқа юртдошларимизникидан унча фарқ қилмайди. Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилиб вояга етди, кейинчалик Бахмал туманидаги 68-ўрта мактабда ўқиди.
1976 йилда имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, Тошкент давлат университетининг тарих факультетига ўқишга қабул қилинади. Олий ўқув юртини тугаллаб, сиёсий иқтисод бўйича мутахассисликка эга бўлди. Унинг илмга иштиёқи ниҳоятда баланд эди. Шунинг учун 1981-1984 йилларда Ўзбекистон фанлар академияси Иқтисод институти аспирантурасида таҳсил олиб, “Саноат ишлаб чиқариш таркибий силжишларининг қонуниятлари ва уларнинг ривожланиши” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлайди.
Кўриб турганингиздек, инсон ҳаётининг ҳатто энг қизғин даврларини ҳам тўртта сатрга жойлаш мумкин. Яқинда Равшан ака мендан:
— Бир нарса ёзиб қўйдим, агар вақтингиз бўлса кўриб берсангиз, -деб илтимос қилиб қолди.
Мен рози бўлдим. Равшан аканинг рисоласини дастлаб жуъзий хатоларини тузатиш учунгина ўқий бошладим. Кейин қандай қилиб қизғин воқеалар гирдобига тушиб қолганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.
Равшан ака ажойиб автобиографик қисса ёзган экан. Талабалик йиллари Тошкентда қандай кечгани, айниқса, аспирантурада ўқиган кезлари қийналганларини ўқиб, Равшан ака учун олимлик рутбасига эришиш осон кечмаганини ҳис қилдим. Қисса содда ва равон сўзлар билан баён қилинган эди. Ана шу соддалик ҳар қандай китобхонни ўзига боғлаб олади.
Равшан Ҳидоятов 1976–1996 йилларда А.Қодирий номли Жиззах Давлат педагогика институтида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, декан ўринбосари, “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири лавозимларида ўзи доим амал қилиб келган принцип ва ғоялардан чекинмай ҳалол меҳнат қилди. 2002 йилда эса Жиззах политехника институтининг “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири лавозимига таклиф қилинганида янги жамоага ҳам тез киришиб кетди.
Мен мақола дебочасини Равшан аканинг хусусиятларини мақташ учун ёзганим йўқ. У ўзига ниҳоятда талабчан. Энг асосийси, бекор ўтиришни ёқтирмайди. Озроқ бўш пайти бўлиб қолса, қоғоз қоралайди. Тома-тома кўл бўлур деганларидек, ҳар куни ёзган сатрлари йиғилиб, бир неча китобга асос бўлди. Унинг 2018 йилда “Аждоду-авлодларим”, туғилиб ўсган қишлоғи одамларига бағишланган “Ниёзмат қишлоқ ҳангомалари”, “Эсдан чиқмас ҳангомалар”, 2019 йилда “Маънавиятли раҳбар, у қандай бўлиши керак?”, “Ҳаётий ҳангомалар” деб номланган қисса ва рисолалари, 2020 йилда “Номлари муҳрланган устозлар”, 2022 йилда “Ўтганлар ёди” номли (Ўткир Жамолов ҳаммуаллифлигида) ва институт ректори А.Усманкулов билан ҳамкорликда Жиззах политехника институтининг 30 йиллигига бағишланган “Жиззах политехника институтининг 30 йиллиги: ўтмиши, бугуни ва эришилган ютуқлар” номли китоблари чоп этилган.
Ундан ташқари, 100 дан зиёд илмий мақола ва тезислари халқаро ва республика илмий амалий конференциялари тўпламларида чоп этилган. 100 га яқин илмий мақолалари марказий ва маҳаллий босма нашрларда эълон қилинган. 9 та ўқув–услубий қўлланма, 20 дан зиёд услубий тавсиялар муаллифидир.
Равшан Ҳидоятов 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб – қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштиришга қаратилган “Фермер хўжаликларида энергия ва ресурстежамкор технологияларни ривожлантириш ва чиқитсиз технологияларнинг илғор тажрибаларини тарғиб этиш” лойиҳасини (220 млн.сўм) қўлга киритиб, лойиҳани Фориш туманидаги “Мулла Сайитқул” фермер хўжалиги базасида муваффақиятли амалга оширди. Фермер хўжалигида ташкил этилган ўқув марказида вилоятимизнинг юзлаб фермерларнинг ўқитилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Шундан кейин ҳам Равшан Ҳидоятов ушбу жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловларда иштирок этиб, уч марта ғолиб бўлди. Ажратилган маблағларни эзгу мақсадлар йўлида сарфлади.
Бугунги кунда унинг ўзи халқ депутатлари вилоят Кенгаши қошидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб – қувватлаш комиссиясининг аъзоси.
— Йиғилишимиз тугаса, вилоят прокуратурасига боришим керак, -деди комиссия йиғилишида ўтирганимизда.
— Тинчликми ака? –деб сўраганимда у вилоят прокуратураси қошидаги коррупцияга қарши кураш комиссиясининг аъзоси ҳам эканлигини айтди.
Равшан Ҳидоятов жамоат ишларида фаол қатнашиб келмоқда. Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзоси, “Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳи раисининг ўринбосари, Жиззах политехника институти қошидаги Нуронийлар кенгашининг ва институт касаба уюшмалари кенгашининг аъзоси.
— Бу ишларга қандай улгураяпсиз? – сўрайман ҳайрон бўлиб.
— Хоҳиш бўлса, одам ҳаммасига улгуради, —жавоб беради Равшан ака камтарлик билан.
Устознинг етмиш ёшга кирганига очиғи, ишонмайсиз! Чунки у жуда ёш кўринади, ҳаракатлари ҳам чаққон, тиниб-тинчимайди. Хаёлимдан қалби пок, нияти холис, доим бошқалар бахти учун яшаган инсонлар ҳеч қачон қаримаса керак, деган гаплар ўтди.
Асад МУСТАФОЕВ.