МАҲАЛЛА РАИСЛАРИ САЙЛОВИ ҚАНДАЙ ЎТМОҚДА?

Бугунги кунда маҳалла жамиятда тинчлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни таъминлаш рамзига айланди, миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлашда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади. Кейинги ўн йил давомида ноёб фуқаролик жамияти институтини чинакам миллий ўзини ўзи бошқариш органига айлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида маҳалланинг ролини ошириш, ишларни “маҳаллабай” ва “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида ташкил этиш соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Шу кунларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддаси ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8 ва 12-моддаларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раисларининг сайловлари ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилмоқда. Юқоридаги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, юқоридаги қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда маҳалла раислари бир неча номзоддан очиқ овоз бериш ёки яширин овоз бериш йўли билан сайланмоқда. Жиззах шаҳри маҳаллаларида бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, 12 нафар янги раис сайланди, вилоят марказидаги 13 та маҳалла фуқаролар йиғинида эса амалдаги маҳалла раисларига аҳоли қайтадан ишонч билдирди.

Бу фуқароларнинг сайловларга бўлган муносабатларининг тубдан ўзгарганидан дарак бериб турибди. Авваллари ҳокимлик вакиллари кимни кўрсатса, унга овоз бериб, тинчгина уйига кетадиган одамлар қолмади. Эндиликда фуқаролар маҳалла раҳбарининг, “еттилик”нинг ўз ҳаёти, оиласи, турмуши ва рўзғорида тутган аҳамиятини яхши англаб олди.

Мисол учун, шу йилнинг 1 май куни Турон маҳалласида бўлиб ўтган сайловда 257 нафар вакилдан 253 нафари иштирок этган. Сайлов натижаларига кўра, 174 та овоз тўплаган Мурод Мўминов Турон маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.

2 май куни Қалия маҳалласида бўлиб ўтган сайловда 722 нафар вакилдан 645 нафари иштирок этди. Сайлов натижаларига кўра, Ниятилла Исаев 346 овоз билан мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига қайта сайланди.

Жиззахлик маҳалласида 234 нафар вакилдан 173 нафари сайловда иштирок этди. Натижада 142 та овоз тўплаган Шоҳрухбек Aҳрорқулов маҳалла раиси лавозимига қайта сайланди.

6 май куни Сангзор маҳалласида бўлиб ўтган сайловда 285 нафар вакилдан 191 нафари иштирок етиб, 112 та овоз тўплаган Толибжон Деҳқонов беш йил муддатга қайта сайланди.

Биз ўтган йилларда катта тажриба орттирган Толибжон Деҳқонов билан учрашиб, суҳбатлашдик.

– Маҳалламизда 3 минг 102 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг аксарияти томорқасидан унумли фойдаланиб, доимий даромад топмоқда. Ундан ташқари кичик бизнес эгалари савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этишган, – дейди Сангзор маҳалласи етакчиси Толибжон Деҳқонов. – Биз барча ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз, имтиёзли кредитлар ажратамиз, субсидиялар олишга кўмаклашамиз. Бугунги кунда камбағалликни қисқартиришда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш маҳалла раисининг энг муҳим вазифаси деб ўйлайман.

Маҳалла “еттилиги” фуқароларнинг турмуш тарзи, қизиқишлари, фаолият турлари, шунингдек, мурожаатлари ва муаммоларини доимий ўрганиб, долзарб масалаларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Мен самарадорликка эришиш учун улар фаолиятини мувофиқлаштиришга ҳаракат қиламан. Албатта, мен учун овоз берган барча маҳалладошларимдан миннатдорман ва маҳалламиз гуллаб-яшнаши, унинг аҳолиси фаровон ҳаёт кечириши, ватан манфаати йўлида меҳнат қилиши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан.

Маҳалланинг гуллаб-яшнаши кўпроқ фуқаролар манфаати билан яшайдиган, бутун борлиғини топширилган ишга бағишлайдиган раҳбарга ҳам боғлиқ. Президентимиз таъкидлаганидек, “Маҳалла раиси ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида замон билан ҳамқадам бўлиши, ўз билим ва малакасини мунтазам ошириб бориши, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонини ҳаётга таитбиқ этиши, ижтимоий муаммоларни ҳал этиши, ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришга кўмаклашиши, маҳаллани тадбиркорлик марказига айлантириши зарур.” Бу сўзлар маҳалла фаолларининг доимий дастуриламалига айланиши лозим.

 

Наталья БЕСЕДИНА.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *