Наманган вилоятида ёшлар ҳамда ўсмирлар ўртасида велоспортнинг трек йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан ўтказилган ушбу мусобақада Самарқанд, Жиззах, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилояти ҳамда пойтахтимиздан келган элликдан зиёд иқтидорли спортчилар ғолиблик учун беллашишди.
Ушбу турнир ёш спортчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган велоспортни янада оммалаштириш ва терма жамоамиз таркибига номзодларни саралаб олишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Якуний натижаларга кўра, вилоятимиз вакили Сабрина Жонқобилова ҳамда Тошкент шаҳридан Шоислом Шоакмалов ёшлар ўртасидаги баҳсларда ғолиб бўлди. Ўсмирлар орасида эса пойтахтлик Дониёр Қаҳрамонов ва Тошкент вилоятидан Роксана Ҳикматова биринчи ўринни қўлга киритишди.
Ғолиб ва совриндор спортчиларга медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.