Ҳар бир океан номи шаклланишида географик, тарихий ва лисоний омиллар мавжуд. Океан юнонча “okeanos” – “дунё дарёси” маъносини англатади. Тинч, Атлантика, Ҳинд ва Шимолий Муз океанлари ер юзининг тахминан 71% ини эгаллайди.
1650 йилда голланд географи Б.Варрениус дунё океанини 5 қисмга: Тинч, Атлантика, Ҳинд, Шимолий Муз ва Жанубий Муз океанларига бўлди. 1845 йилда Лондон география жамияти ҳам буни тасдиқлади. Кейинроқ баъзи олимлар Дунё океанини фақат 3 га ажратдилар: Тинч, Атлантика ва Ҳинд океанлари. XX асрнинг 30 йилларидан бошлаб Арктика ҳавзаси синчиклаб текширилгандан кейин тўрт алоҳида океан ажратилди.
Тинч океани – дунёдаги энг катта ва чуқур (Марианна чўкмаси -11022 метр) океан бўлиб, дунё океани майдонининг ярмини ташкил этади. У ғарбда Осиё ва Австралия, шарқда Шимолий ва Жанубий Америка, жанубда Антрактида оралиғида жойлашган. Беринг бўғози орқали Шимолий Муз океанидан ажралади. Атлантика ва Ҳинд океанлари билан умумий чегараси мавжуд. 1520 йили дунё бўйлаб айлана сайёҳатга чиққан Фернандо Магеллан экспедицияси уч ойдан кўпроқ муддат океан сувларида сузиб, бирон бир катта тўлқин ёки бўронга дуч келмаган. Дастлабки таассуротларга асосланиб Магеллан уни Mar Pacifico – Тинч океани деб атаган.
Француз географи Бюаш 1752 йили майдон жиҳатдан дунёдаги энг катта океанни Улуғ океан деб номлашни таклиф қилган. Бу ясама ном географик нуқтаи назардан тўғри бўлса ҳам кўпчиликка маъқул бўлмаган ҳамда Тинч океани номи сақланиб қолди. У Абу Райҳон Беруний картасида Шарқий океан, XX аср бошларида нашр этилган ўзбекча китобларда Баҳри муҳити Кабир деб ёзилган.
Атлантика океани катталиги жиҳатдан Тинч океанидан кейин иккинчи ўринда туради. У шимолда Гренландия ва Исландия ороллари, шарқда Европа ҳамда Африка, ғарбда Шимолий ва Жанубий Америка, жанубда Антарктида орасида жойлашган. Узунлиги шимолдан жанубга 15 минг км, энининг энг камбар жойи 2830 км. (экватор яқинида), ўртача чуқурлиги 3926 м. Атлантика океани инсониятга қадим замонлардан маълум сув ҳавзаси ҳисобланади. Уни шарқда Уқёнус, Акбар (буюк), Аъзам (улуғ), кун ботиш томонида жойлашганлигидан – Мағрибий, Зулмат деб аташган. Ҳозирда у муҳим иқтисодий ва стратегик аҳамиятга эга. Атлантика океанига дунё кемаларида ташиладиган юкларнинг 60 фоизи, балиқ овлашнинг 40 фоизи тўғри келади. Дунёдаги энг катта портларнинг кўпчилиги Атлантика океани ҳавзасида жойлашган.
Қадимги Юнон тарихчиси Герадот (милоддан аввалги V аср) асарларида унинг номи илк бор Атлантис денгизи шаклида учрайди. Римлик олим Плиний (милодий I аср) океанга нисбатан Oceanus Atlanticus – Атлантика океани номини қўллаган. Ўрта асрларда океан қисмлари Шимолий денгиз, Ғарбий денгиз, Ташқи денгиз каби номлар билан аталган. Океаннинг ҳозирги ҳолати билан боғлиқ бўлган тасаввурлар XVII асрда пайдо бўлган. Атлантика номининг пайдо бўлишини мутахассислар, қадимги Юнон мифологиясида осмонни ўз елкасида кўтариб турган само худоси Атлант номи билан боғлиқ деб ҳисоблашади.
Океан номининг бошқача изоҳлари ҳам бор. Атлантика – афсонавий Атлантида ороли номидан олинган. Платон асарларидаги ривоятларга кўра, Атлантида тахминан, Гибралтар бўғозининг ғарбида жойлашган қадимий улкан орол. Ери серҳосил, аҳолиси зич жойлашган. Зилзила натижасида океан қаърига чўкиб кетган. Атлантиданинг мавжуд бўлганлиги ва ҳалокатга учраши сабаблари фанда ҳанузгача муаммо бўлиб қолмоқда.
Ҳинд океани Шимолий тропик чизиғидан бутунлай жанубда жойлашган. Бўлиб, Атлантика ва Тинч океани билан катта масофада туташган. Атлантика океани билан чегараси шартли равишда Африка жанубидаги Игна бурни, Тинч океани билан чегараси Тасмания оролидаги Жанубий бурун орқали ўтказилади. Ҳинд океани жуда катта масофада Антрактида билан туташиб турсада, бошқа океанларга нисбатан анча илиқ. Ўртача чуқурлиги 3711 метр.
Ҳинд ва Ҳиндистон Ўрта Осиёликларга азалдан маълум ном. “Ҳинд” дастлаб дарё номи бўлган. Ҳозирги замон тарихида давлат, ярим орол, тоғ тизмаси, океан номига ҳам шу сўз асос вазифасини бажаради. Ҳинд океани ҳақидаги дастлабки тасаввурларга унинг соҳилларида яшаган халқлар эга бўлганлар. Ўрта Осиёлик Абдураззоқ Самарқандий Ҳиндистонга денгиз орқали саёҳат қилган. Ҳинд океани ва Ҳиндистон тўғрисида тўплаган маълумотларни ўз асарларида ёзиб қолдирган. Топоним илк бор милодий I асрда Плиний асарларида – Oceanus Orientalis Indidcus – Шарқий Ҳинд океани шаклида қайд қилинган. XVI асрдан бошлаб ном дунё карталарида Ҳинд океани шаклида ёзилмоқда.
Шимолий Муз океани (аввалги номлари: Шимолий Қутбий денгиз, Шимолий Муз денгизи) – Шимолий қутб атрофида, Европа, Осиё ва Шимолий Американинг шимолий қирғоқлари оралиғида жойлашган океан. Майдони бўйича океанлар орасида энг кичиги, ўртача чуқурлиги 1220 метр. Атлантика ва Тинч океанлари билан бўғозлар орқали туташган. Шимолий Муз океани дастлаб мустақил океан сифатида 1650 йилда голланд географи Б.Варрениус томонидан ажратилган ва ўша даврда Гиперборей океани деб аталган.
Гиперборей қадимги юнон тилида “борей” – “шимолий шамол худоси”, “шимол рамзи” маъносини ифодаловчи сунъий ном. 1845 йилда уни Лондон география жамияти Шимолий Муз океани деб атади. XVII-XVIII асрлар давомида Муз денгизи, Мурманск денгизи, Шимолий денгиз, Татар денгизи деб аталган. XIX асрдан бошлаб бир қатор Европа мамлакатларида Арктика океани деган ном ҳам қўлланилган. Арктикада XIX асрнинг 20 йилларида илмий тадқиқот ишлари олиб борган рус денгизчиси, адмирал Ф.Р.Литке ҳам уни Шимолий Муз океани деб номлашни таклиф этган. 1935 йилдан бошлаб алоҳида океан сифатида ажратилган. Сўнги йилларда жанубий ярим шарда – Антарктика атрофида бешинчи океан – Жанубий Муз океани ҳам ажратилмоқда.
Элбек КАМОЛОВ,
ЖДПУ география ва иқтисодий билим асослари
кафедраси ўқитувчиси.