ОДАМЛАРИ УЙҒОҚ ДИЁР

Ҳар йили эски йилни кузатиб, Янги йилни кутиб олаётганда юрагимизда қандайдир туйғулар жунбушга келади. Албатта, ҳаётнинг ўтиб бораётгани хомуш ҳисларни уйғотади. Лекин кириб келган янги йилда кимдир тўй қилишни, яна биров ҳовлисидан янги иморат қуришни ният қилиб қўйган бўлади. Ўша ёқимли ташвишлар яқинлашаётганидан хурсанд бўлади.

Беихтиёр Мустақилликка эришган ўтган асрнинг 90-йиллари кўз олдимиздан ўтади. Гўё энди ҳамма нарса бутунлай ўзгариб кетадигандай ёшлар жуда хурсанд бўлганди. Кўпчилик ҳатто турли клублар ташкил этиб, мустақил давлат қандай бўлиши кераклиги ҳақида баҳслар ташкил этганди.

Динга йўл очиб берилди. Одамлар гурра-гурра масжидларга қатнай бошлаганди. Кимлардир Ислом динининг мазмуни, моҳиятидан бехабар одамларни йиғиб тарғибот-ташвиқот юритарди. Ҳокимиятларнинг бундай “майда” ишлар билан шуғулланишга вақти йўқ эди. Уларнинг ягона ташвиши одамларга нон топиб бериш бўлиб қолган эди.

Ҳақиқатан ҳам иттифоқнинг пороканда бўлиши туфайли барча хўжалик алоқалари узилган, мамлакатда очарчилик бўлиши эҳтимоли мавжуд эди. Ўзбекистон азалдан пахта етиштирадиган ҳудуд бўлганлиги учун ғалла фақат чорва молларига озуқабоп экин сифатида экиларди. Етиштирилган ғаллани ҳам айрим кўзи оч одамлар аҳволи бизникидан ҳам абгор бўлган қўшни республикаларга яширинча чиқариб сотиб келарди.

Эсимизда, оиладаги ҳар бир киши учун бир ойга 3 кг.дан ун сотилиши йўлга қўйилди. Бир кунга 100 гр.дан тўғри келарди. Бир неча йил шундай вазиятда яшадик. Одамлар ўша пайтларда ҳам ҳокимиятларга арз билан келишарди. Улар бугунгидай чироқ ўчаяпти, газ босими паст, йўлимиз ёмон дейишмасди. Бизга ун беринг, ўн нафар фарзандим нон сўраяпти, дейишарди. Бугун бу гаплар ҳозирги ёшлар учун ёлғондай туюлиши мумкин, аммо бу ҳақиқат, тарихни ўзгартириш, ёлғон гапларни айтиш, ёзиш гумроҳликдир!

Вилоят ҳокими ўзгарибди, деган гапни эшитган одамлар ичида қўл силтаб қўйганлар ҳам бўлди. “Қозонда бори чўмичга чиқади. Ҳоким ўзгаргани билан ун омборда бўлмагандан кейин, осмондан тушмайди-ку!”. Кўча-кўйда вилоятда бўлаётган ўзгаришлар ҳақидаги муҳокамаларда шундай гаплар айтиларди. Аммо вилоятнинг янги раҳбари орадан ўн кун ўтиб, барча фуқаролар йиғинлари раисларини вилоят ҳокимлигига таклиф қилди. Раислар Шавкат Мирзиёевни шу ерда кўрди. У ҳар бир раис билан сўзлашиб, қанча аҳолиси борлигини сўраб-суриштирди, ижтимоий вазиятни ўрганди.

Шу куннинг ўзида барча фуқаролар йиғинларининг раисларига аҳоли учун ун, ўсимлик ёғи, шакар берилди. Берилганда ҳам икки ҳиссадан берилди. Раисларга саккиз нафардан ошиқ фарзанди бор оилаларга бир қопдан ун беришни ҳокимнинг шахсан ўзи тайинлади.

Ўша кунги халқ қувончини тасвирлаш қийин. “Бу неъматлар қаёқдан келди?” деб ҳеч ким сўрамади. Доим халқидан яшириниб юрган маҳалла раислари ёруғ юз билан одамларга барака улашди. Ун, мой ва шакар олганлар эса тезроқ етиб олиш учун уйига шошилишарди.

Бир аёлнинг маҳалла раисидан:

— Бу ун, мой ва шакарни қаердан олиб келдингиз? –деб сўрагани ҳамон ёдимизда.

— Вилоят ҳокими берди!

— Ҳоким дунё турганча турсин, мартабаси бундан ҳам улуғ бўлсин! –дея қўлини фотиҳага очиб дуо қилди аёл.

Ўша куни минг-минглаб одамлар Шавакат Мирзиёевни дуо қилган эди.

Ҳар қандай тоғнинг юксаклиги, маҳобати узоқроқдан яхши кўринади. Мустақилликни қўлга киритганимиздан буён қанчалар қийинчиликларни кўрган бўлсак ҳам йиллар ўтган сари унинг қадр-қиммати, моҳиятини теран англаб бораяпмиз.

“Ўзинг менинг улуғлардан улуғимсан, Ватаним!” деганда шоир ҳақ сўзни айтган — одам фарзанди учун Ватан бамисоли онадай, бамисоли отадай, бу ёруғ оламда у битта, ягона. Ватан борки, биз бормиз. Она бор меҳрини фарзандига бағишлагандай, руҳимиз, қалбимиз, бутун борлиғимизни унга бахшида этамиз. Унинг бағрида кулган баҳор – бизнинг баҳоримиз, Ватан эришган зафар – бизнинг кўчамиздаги байрамларнинг рамзидир. Унинг оламда қозонган обрў-эътибори, мавқедан ҳар биримизнинг чеҳрамизда нур, кўзимиз чақноқ. У бор экан, бошимиз тоғлардай сарбаланд, қаддимиз қоялардай тик. Она-Ўзбекистонимиз биз учун шундай тенгсиз, ягона, эъзозли маъво, танҳо қадрият. Ватанга садоқат, она-юртга муҳаббат ҳисси киши қалбидаги энг бебаҳо туйғудир. Шоирлар она-Ватанга садоқат мавзусини оташин мисраларда мадҳ этса, истеъдодли ҳофизлар буни дилбар наво, сохир овоз билан оламга тараннум этади.

Ватан! Бу муқаддас сўз замирида қанчалик илоҳий куч-қудрат, маъно, беқиёс даъват мужассам эканлигини ҳеч ким, ҳеч қачон тўла ифода этолмаса керак. Биз киндик қонимиз тўкилган Ватан, она тупроқ билан фахрланамиз, эъзозлаймиз. Унинг номини эшитган заҳоти қалбимиз тўлқинланади, бир олам ғурурга тўлади.  Дунёда ўзбекистонликман деган ҳар бир инсоннинг асл ватани шу азиз тупроқдир. Бу муқаддас заминда улуғ бобокалонларимиз ҳоки ётибди. Қалбларда «Ватанни севмоқлик — иймондандир» деган ҳикмат муҳрланиб қолган. Унинг муқаддаслиги ана шу ҳолда намоён бўлади. Инсон учун юрак нечоғли зарур ва азиз бўлса, ватан ундан-да зарур ва азизроқдир. Бинобарин, озод ва обод ватанда пок одамлар яшаши кишилик жамиятининг азалий орзуси, ақл ва идрокнинг, қалбнинг энг тотли, мўъжизавий тантанасидир. Юртбошимиз биздан ана шу йўлдан юришимизни, собит ва қатъий қадам ташлашимиз лозимлигини таъкидлайди. Бу йўл бахтли истиқбол, комил инсонлар қўним топадиган, ҳеч кимдан кам қилмайдиган, ватанимиз мазмунини юксалтирадиган фикратдир. Мамлакатимиз Конституциясида Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг насл-насаби, ирқи, миллати ва бошқа ҳолатларидан қатъий назар тенг ҳуқуқга эгадирлар деб ёзиб қўйилган. Азизлар, озод ва обод Ўзбекистонни севмаслик, соғинмаслик, қадрламаслик, унга меҳр қўймаслик, у билан фахрланмаслик, зарур бўлса, унинг шаънини ҳимоя қилмаслик мумкин эмас. Ватан ҳамиша бизга куч ва ҳарорат бағишлаб туради. Ўзбекистон замини, она тупроғимиз ҳар биримиз учун азиз ва муқаддас!

Мустақиллик ҳаётимизга кўплаб янгиликлар олиб келмоқда. Ғолибона босиб ўтилган 32 йиллик йўлга назар солсак, бу ўзгаришлар яққол кўзга ташланади.  Миллий истиқлол шарофати туфайли ўзлигини таниб, қадр-қимматини топиб, қад ростлаётган, ўзига хос тараққиёт ва юксалиш йўлларини белгилаб, истиқболнинг кўз илғамас ёрқин уфқлари сари музаффар одимлар ташлаб бораётган Ўзбекистонимизнинг жаҳон узра эъзозу эътибор, шону шуҳратга сазовор бўлиб, теран, бақувват илдизлари асрлар қаърига бориб туташувчи асл миллий қадриятларимиз, шарқона урф-одатларимиз, ажойиб-ғаройиб анъаналаримиз, гўзал удумларимиз, дину иймонимиз, эътиқоду эътимодимиз, қайта тикланганлиги, ҳаётда ўз ўрнини топаётганлиги ҳамда халқимизнинг бебаҳо маънавий мулкига айланиб бораётганлигининг яққол исботидир.

Мана 32 йилдирки, она юртимиз бағрида мазмуни ва кўлами асрларга қиёс қилгулик улуғвор, ҳайратомуз ўзгаришлар, салмоқли ижтимоий силжишлар юз бермоқда, халқимизнинг турмуш тарзи, маънавий қиёфаси бойиб, сифат жиҳатидан ўзгариб, камалак рангларидек янги жилолар кашф этиб бормоқда. Бу эса, шубҳасиз, бахтиёр замондошларимизнинг олға томон ҳаракатларида, интилишларида, уларнинг юксак эзгу мақсадлар сари хайрли изланишларида ўз ижобий самарасини намоён этмоқда. Миллий истиқлол бамисоли сеҳрли мўжиза янглиғ беркилиб қолган булоқлар кўзини очиб, минг-минглаб ташна инсонларга оби ҳаёт ато этганидек, юртимиз одамларининг ҳам юзларига қувонч ва зиё бағишлаб, уларнинг ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида жавлон уришлари, ўз истеъдоду иқтидорларини, қобилиятларини тўла-тўкис намоён этишлари учун кенг уфқлар очиб берди.

Айниқса, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини бошлаб берган “Ўзбекистон -2030” стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир. Мазкур ҳужжатнинг эълон қилинганига кўп вақт бўлмади, аммо дастлабки ойлардан ўз самарасини яққол намоён этди.

Кейинги етти йилда бутун мамлакатимизда ижтимоий, иқтисодий, маънавий ҳаётимиз тубдан ўзгариб кетди. Инсон қадри, омили олий қадриятга айланди.  Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш кун тартибига қўйилди. “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институтсионал ва таркибий ислоҳотлар узвий давом этмоқда.

Оламшумул ўзгаришлар натижасида вилоятимиз иқтисодиёти ҳам йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Буни 2023 йилда қўлга киритилган ютуқлар ҳам кўрсатиб турибди.

Жорий йил январь-декабрь ойларида Ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 33,1 трлн.сўм бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,5 физга ўсишга эришилди. Бунда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 21,4 трлн.сўмга етди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 24,8 трлн.сўмни ташкил этди. Хизматлар кўрсатишнинг ривожланиши кўрсаткичи 9,6 трлн.сўмга етди. Қурилиш пудрат ишлари ҳажми 3,8 трлн.сўмни ташкил этди. Вилоят иқтисодиётида бундай юксалиш ҳали кузатилмаган эди.

 Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда юзлаб лойиҳалар амалга оширилди. Вилоят бўйича 2023 йилда ҳоким ёрдамчилари кўмаги билан 157 095 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шундан, 62 815 нафар киши якка тарбида фаолият кўрсатиб, ўзини-ўзи банд қилди. 88 368 нафари доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди, 5 912 нафар аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 2 438 нафар юртдошларимиз уста-шогирд анъанасига асосан ҳунармандчилик билан шуғулланмоқда. 3760 нафар фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди. 7389 нафар (“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган) аҳолининг ер майдони ажратиш орқали бандлиги таъминланди.

Бугунги кунга қадар 9022 нафар юртдошларимиз касб-ҳунарга ўқитилди.

Ҳоким ёрдамчилари томонидан “Онлайн маҳалла” платформаси шакллантирилган бўлиб, унга жами қиймати 386,7 млрд.сўмлик, шундан 239,9 млрд.сўм ўз маблағи ва 146,8 млрд.сўм банк кредити маблағлари ҳисобига 6 260 нафар янги иш ўринлари яратилиши белгиланган 1 706 та лойиҳалар жойлаштирилган бўлиб, амалда 1 185 та лойиҳада 222,8 млрд.сўм маблағ ўзлаштириди, 4462 нафар ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланди.

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз 2650 нафар аҳолига 11,6 млрд.сўм маблағлар ҳисобидан субсидия асосида асбоб-ускуналари етказиб берилди.

Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, Халқ қабулхоналар фаолияти йўлга қўйилиши билан шаҳар ва қишлоқлардаги муаммолар яққол кўриниб қолди. Одамлар ғалла, пахта етиштириши, қазилма бойликларни қайта ишлаши ҳам мумкин. Лекин халққа қандай яшаш, меҳнат қилиш шароитлари яратиб берилаяпти? Маҳаллаларнинг аҳволи қандай, кўчалар, тунлари уларнинг ёритилиши қандай? Ёшлар ҳақида кўп гапирилади уларга нима қилиб берилаяпти? Президентимиз илк бор сайланганида ана шу масалаларни кўтариб чиқди.

Халқимиз қандайдир мавҳум келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак деган ғоя барча стратегия ва дастурларга асос бўлди. Давлатимиз раҳбари ва ҳукумати қабул қилган қарор ва фармойишларга асосан 2023 йилда 1644 км. автомобиль ва ички йўллар таъмирланди. 1036 км. ичимлик суви тортилди, 145 та сув иншоотлари барпо этилди. Натижада 385813 нафар юртдошларимизнинг ичимлик сувга бўлган талаби таъминоти яхшиланди. 381,4 км. электр тармоқлари янгидан тортилди, 101 дона трансформаторлар ўрнатилди ва 25620 та аҳоли хонадонларининг электр таъминоти яхшиланди. 57 км. газ тармоқлари тортилиши натижасида 69149 та аҳоли хонадонларига табиий газ етказиб бериш яхшиланди.

Вилоятимиздаги эзгу ишларнинг ҳаммасини ҳикоя қилиш учун битта китоб саҳифалари ҳам етмайди. Энг муҳими одамлар ўз кўчаси, маҳалласи, фарзанди ўқиётган мактаб, маҳалладошлари юрган кўча ва йўлаклар, кам таъминланган қўшнисининг аҳволига куйинишга ўрганди. Бефарқлик, лоқайдлик, хўжасизлик барҳам топди. Маҳалланинг ёшу-қариси “Ташаббусли бюджет”да иштирок этиб, маҳалласидаги йўл ва йўлаклар қурилиши, мактаб ва боғча таъмири, газ, электр, сув тармоқлари ўтказилиши учун овоз беришмоқда.

Қачонки халқ уйғоқ бўлса тараққиёт бўлади, ҳаёт фаровон, турмуш гўзал бўлиб бораверади. Кириб келган 2024 йилни мудроқликдан қутилиб, уйғоқ кутиб олганимиз муборак бўлсин.

Асад МУСТАФОЕВ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *