Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан белгиланган вазифалар бугун ҳар биримизнинг юртимиз ва халқимизга бўлган садоқатимизни тўлақонли намоён этишга ундайди.
Дарҳақиқат, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлардаги бошқармалар томонидан нечоғлик самарали ишлар олиб борилмасин, рақамларда энг юқори кўрсаткичларда ижобий натижаларга эришилаётгани таъкидланмасин, бу билан кўнглимиз тўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси остида юртимизда истиқомат қилаётган кексаю ёшнинг бирдек азизликда, соғлом, фаровон ва шу билан бирга маънавий ривожланишда ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида бир қатор тараққиёт дастурлари амалга оширилмоқда. Бироқ Фармонда келтирилганидек, “…хотин-қизларни фан, таълим ва илмий-ижодий фаолиятга кенг жалб этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарга ўқитиш, ишлаш истагидаги хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда раҳбар лавозимлардаги улушини ошириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор камчиликлар мавжуд”.
Қолаверса, эндиликда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилаётганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Устувор вазифалар замирида давлат хизмати, илм-фан, инновация, спорт, ижтимоий-иқтисодий, ижодий соҳаларда аёлларнинг қонуний манфаатларини ошириш белгиланган. Айниқса, иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилганлиги кўплаб йўналишларда ижодкорлик салоҳияти билан ривожланишга янги босқичларга ўтиш муҳити яратилишига замин бўлади.
Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти негизида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши эса бизнинг нафақат аёллар билан, балки уларнинг ақлий, руҳий билимлари, кўникмалари ҳамда оила аъзолари билан ҳам яна чуқурроқ иш олиб бориш масъулиятимизни оширади.
Президентимиз халқимизга йўллаган Янги йил табригида 2024 йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, дея эълон қилдилар. Шунингдек, “Янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш эътиборимиз марказида бўлади. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори кўпайтирилади. Хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият бермиз. Ижтимоий соҳалар ривожини мутлақо янги босқичга кўтарамиз”, дея алоҳида таъкидладилар.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган одил, инсонпарварлик, маърифатпарварлик сиёсати аёлларга ота-момоларимиз орзу қилган фаровон ҳаётни туҳфа этмоқда. Бугун ҳар бир она, опа ёки синглимиз ўзи истаган соҳада униб-ўсиши, истеъдодини намоён этиши, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиши учун барча шароитлар яратилган. Бундай юксак эътибор ва эътирофлар Юртимиз равнақи йўлида катта ижобий натижаларга бошловчи нурафшон йўл бўлмоқда. Зотан, дунёнинг ярми аёллар, ярми эса уларнинг тарбиялананувчилари ва уларни қадрловчилардир. Шундай экан, оиласини жонидан-да азиз кўргувчи зебо аёлларни азизлаган халқимизнинг келажаги порлоқ бўлишида ҳар биримиз сидқидилдан хизматда бўлишимиз энг асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Назира МУХТОРОВА,
вилоят ҳокими ўринбосари,
Оила ва хотин қизлар бошқармаси
бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси.