БОЛАНИНГ ТИЛИ ШИРИН, АММО…

Ҳар бир ота-она фарзандининг равон гапириши, тушунарли ёзиши ва ўқишини хоҳлайди. Баъзи болаларда оғзаки ва ёзма нутқ ривожида жиддий муаммолар кузатилади. Бугунги кунда бу муаммоларга логопедлар, педагоглар ва ота-оналар қандай ечим топмоқда? Келинг, шу ҳақда суҳбатлашамиз.

Оғзаки нутқдаги муаммолар

Бола нутқи шаклланиш босқичидан ўтади. Аммо баъзан у керакли даражада ривожланмайди. Масалан, баъзи болалар “р” ва “л” товушларини нотўғри талаффуз қилади, сўзларни нотўғри тузади ёки гапларни тушунишда қийналади. Баъзилар эса нутқни шакллантиришда жиддий қийинчиликларга дуч келади. Бундай ҳолларда логопедлар ва мутахассислар кўмаги жуда зарур.

Ёзма нутқ муаммолари

Кўпинча оғзаки нутқдаги муаммолар ёзма нутққа ҳам таъсир кўрсатади. Дисграфия (ёзишда хатоларга йўл қўйиш) ва дислексия (ўқишда қийинчиликлар) болалар ўртасида анча кенг тарқалган. Бу каби муаммолар боланинг таълим олишига, ўз фикрларини ёзиш орқали ифода этишига салбий таъсир кўрсатади.

Нима учун бу муаммолар юзага келади?

Болаларда нутқ муаммолари турли сабабларга боғлиқ. Айримларда генетик ёки неврологик омиллар таъсир қилади. Бошқаларда эса муҳит, стресс, ота-она билан мулоқот камлиги ёки гаджетларга ортиқча берилиш асосий сабаб бўлиши мумкин.

Муаммоларни қандай бартараф этиш мумкин?

Мутахассислар болалар нутқини ривожлантириш учун қатор усуллардан фойдаланишни тавсия этадилар. Жумладан, нутқида нуқсонлар мавжуд болалар билан мунтазам равишда логопедик машқлар бажариш, махсус товуш ва нутқни ривожлантирувчи машқларни такрорлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга дидактик ўйинлар орқали боланинг мулоқот ва нутқ фаоллигини ошириш мумкин.

Боланинг саводхонлигини оширишда мутолаа ва ёзиш машқлари катта роль ўйнайди. Шунингдек, ота-оналарнинг фаол иштироки ҳам муҳим бўлиб, улар фарзандлари билан мунтазам мулоқот қилиш ва нутқини ривожлантиришда ёрдам беришлари лозим.

Болаларда оғзаки ва ёзма нутқ муаммолари ўз вақтида аниқланса, уларни бартараф этиш осон бўлади. Ота-оналар, ўқитувчилар ва мутахассислар ўртасида ҳамкорлик бўлса, фарзандларимиз равон сўзлашадиган, аниқ ёзадиган ва эркин ўқийдиган шахслар бўлиб вояга етади. Демак, бу борада эрта ҳаракат қилиш – энг тўғри йўл!

Гулруҳ АБДУНИЯЗОВА,

логопед-дефектолог,

Жиззах шаҳридаги “LOGO CHILDREN’S” маркази раҳбари.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *