Тан олиш керак, ҳамкасбларим бугун ҳар қачонгидан эркин ижод қилишмоқда. Тезкорлик, холислик, адолат мезонлари билан иш кўраётган соҳадаги фидойиларни кўриб қувониб кетасан киши. Бугун бу майдонда ижод қилиб, яхши ном чиқаришнинг ўзи бўлмайди. Янги сўз, янгича ёндашув, янгича қараш излайсиз. Креатив мавзу топиш ва уни очиб бериш, эфирга бергунча бўлган машаққат – буларнинг барчаси шу соҳада илк иш бошлаган журналист учун қийин туюлади. Ва орамизда бир марта бўлса-да касбини ўзгартириш ҳақида ўйламаган ҳамкасбларим бўлмаса керак. Аммо тажриба, масъулият ошган сари журналист елкасидаги юк қанчалик залворли бўлмасин, касбини ўзгартириш ҳақидаги фикри унут бўлиб бораверади.
Байрам баҳона соҳанинг ана шундай фидойиларидан бири Жиззах вилоят телерадиокомпанияси мухбири Нилуфар Азизова билан дилдан суҳбатлашишни мақсад қилдик.
Нилуфар Азизова (суратда)–1979 йил 22 апрелда Шароф Рашидов туманида туғилган. 2009 йилда Жиззах давлат педагогика институтининг мактабгача таълим ва спорт турлари факультетини тамомлаган. Йигирма йилдирки вилоят телерадиокомпаниясининг теле- ва радиодастурлар муаллифи сифатида вилоят аҳлига танилди. Оилали 3 нафар фарзанднинг севимли онаси.
–Нилуфар опа маълумотларга кўра сиз бошқа йўналишда таҳсил олгансиз. Сухандонлик сиз учун орзу бўлганми?
–Тўғри айтасиз… Мен бошқа бир соҳада ўқидим, лекин қалбимдаги орзулар йўналишимни ўзгартиришга сабабчи бўлди. Болалигимдан телерадиокомпанияда сухандон бўлишни орзу қилардим. Бу орзу йиллар ўтиб ҳам сўнмади, аксинча, мен билан бирга улғайиб, қалбимнинг бир бўлагига айланиб борди. Ёшлигимда ҳар сафар телевизор ёки радиода сухандонларни кўрганимда, тинглаганимда уларнинг ишончли, таъсирли ва ёқимли овозлари, ўзларини эркин тутишлари мени мафтун қиларди. Улар орқали ахборотни нафақат эшитар, балки ҳис қилар, шижоат ва илҳом олардим. Шу пайтлардаёқ, “Мен ҳам бир куни мана шу микрофон ортида халққа мурожаат қилсам, юракларга етадиган сўзлар айтсам,” деган ният кўнглимда муҳрланиб қолган эди.
Ҳаёт мени бошқа соҳада билим олишга бошлади, лекин қалбимдаги у сўнмас ҳавас доим мен билан эди. Таҳсил давомида ҳам телерадио соҳасига бўлган қизиқишим сўнмади, балки имконият чиқиши билан ўз орзу йўлимга қайтишга тайёр эдим. Ниҳоят, шуни англадимки, инсон ўзининг ҳақиқий чақириқларидан, қалбига яқин соҳага бўлган муҳаббатидан юз ўгирмаслиги керак экан. Шу боис, телерадиокомпанияда сухандон бўлиш орзуимни амалга оширишга қарор қилдим. Бу фақат бир касб эмас, бу менинг болаликдаги орзуим, ҳаётимнинг мақсади ва юрагимни тўлдирувчи гўзал туйғудир. Ҳозирдаги саъй-ҳаракатларим шу орзуни рўёбга чиқариш сари ташланган қатъий қадамларимдир. Чунки инсон учун энг улуғ бахт — ўзининг орзуси билан яшаш ва шу орзусини ҳаётга айлантиришдир.
–Телерадио нима сиз учун…
–Телерадио – бу сўз кучининг, овоз оҳанги ва инсон қалбига таъсир этадиган илҳом манбаи. Мен эса ана шу саҳнада сўзга жон бахш этувчи, ҳақиқатни халққа етказувчи, кўплаб инсонларнинг дардига қулоқ тутадиган, юзлаб қалбларга нур сочувчи бир касб эгасиман — мен сухандон ва мухбирман.
–Юракда оғриқ, юзда табассум иборасини қандай таърифлайсиз…
–Ҳар бир ижодкорнинг кўнглига яқин ибора. Журналистнинг ҳаёти тасодифлардан, янгиликлардан иборат деб ўйлайман. Ижод йўли– бу шон-шуҳратгина эмас, балки баъзан кўзга кўринмас синовлар, юракни титратар оғир кунлар ҳамдир. Шу синовли кунлардан бири менинг ҳаётимда ҳам бўлган — ундан кейин сўзга, саҳнага, ҳаётга қарашим бутунлай ўзгарди.
Кунлардан бирида расмий тадбирга бошловчилик учун таклиф этилдим. Юксак даражадаги йиғилишга минглаб томошабинлар тўпланган. Иштирокчилар қаторида мен ҳам саҳнага чиқиш арафасида эдим. Режа бўйича чиқишимга бир неча дақиқа қолганди. Шу пайтда телефон орқали нохуш хабар етиб келди: “Отангиз оғир аҳволда… йўқ, у оламдан ўтди…”
Олам бошимга ағдарилгандай бўлди. Вақт тўхтаб қолгандек, ҳаво танқис бўлди. Кўзларимда ёш, юрагимда оёққа занжир боғлаган оғриқ. Аммо… катта саҳна, минглаб нигоҳлар мендан куч ва сўз кутарди. Мен эса ўша пайтда дунёдаги энг чорасиз инсон эдим. Бошимни баланд кўтардим. Юрагимда ним оғриқ…“йиғла!” дерди, лекин ўзимда куч топиб, юзимда табассум пайдо қилдим. Саҳнага чиқдим. Отамнинг хотирасини юрагимда олиб, забонимдан тинчлик, эзгулик, умид ҳақида сўзлар янгради. Ҳеч кимга сездирмадим, аммо гўё икки дунё орасида турардим — бир томонда оилавий жудолик, иккинчи томонда касбий бурч. Ўша куни мен фақат сухандон эмас, балки матонат рамзига айландим. Отам — менга сўзга муҳаббатни, халққа хизмат қилишни ўргатган инсон эди. Ўша чиқиш унинг руҳига бағишланган энг оғриқли, бироқ энг суюкли нутқим эди.
Шундан бери ҳар гал саҳнага чиққанимда, юрагимда отамнинг сояси мен билан бирга туради. Унинг дуолари, меҳри, тарбияси менинг ҳар бир сўзимда, ҳар бир чиқишимда яшайди.
–Нилуфар опа агар имконият бўлса касбингизни ўзгартирар эдингизми?
–Йўқ, асло. Ўз соҳамни жуда яхши кўраман. Қолаверса касбим нафақат сўзлашдан, балки тинглашдан ҳам иборат. Айниқса “Субҳидам!” мусиқий-дам олиш дастури, “Диёр янгиликлари” ахборот дастурларининг сифатли тайёрланиши, жонли тарзда эфирга узатилиши томошабинлар эътирофига сазовор бўлган. Ҳар бир янгилик ортида бир инсон тақдири, ҳар бир эфир ортида жамоавий меҳнат ва катта масъулият ётади. Камералар, микрофонлар ва эфир вақтини тўғри бошқариш, ҳар бир чиқишда халқ олдида юксак масъулиятни ҳис қилиш – бу бизнинг ҳаётимизнинг бир қисмига айланган. Бу фаолиятдаги ютуқларим — аввало томошабин ва тингловчилар ишончи. Улардан олган дуо, миннатдорлик сўзлари — мен учун энг қадрли мукофот. Расмий мукофотлар, ташаккурномалар, ёритган репортажларимнинг ижобий натижалари эса меҳнатимга берилаётган юксак баҳо деб биламан.
Шу сабабми иш жараёнида эсда қоларли воқеалар жуда кўп бўлади. Бир куни ёмон об-ҳаво шароитида тўғридан-тўғри эфирда жонли суҳбат ташкил қилишга тўғри келган эди. Шиддатли шамол, техник муаммоларга қарамай, суҳбатни муваффақиятли олиб бордик. Бу воқеа менга ишга фидойилик ва жамоавий мувофиқликнинг қандай улкан куч эканини яна бир бор исботлади. Касбим мени юксалтирди, юзлаб инсонлар билан таништирди, ҳаётга кенгроқ назар ташлашни ўргатди. Ҳар бир эфир, ҳар бир сўз мен учун бир масъулият. Ва мен ҳар куни бу масъулиятни сидқидилдан адо этишга ҳаракат қиламан.
–Нилуфар опа самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Касб байрамингиз муборак бўлсин. Ижодий муваффақиятлар тилакдошимиз.
Суҳбатдош Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.