ЁШЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Барчамизга маълумки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2024 йил Ўзбекистонда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.

Янги йил табригида Президентимиз томонидан “Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир”, — деб таъкидланганлиги бугунги кундаги барча раҳбарлар олдига қўйилган кечиктириб бўлмас вазифадир.

Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу сабабли, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ўғил-қизларга таянишимиз бугунги давримизнинг талабидир.

Барчамиз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган янги муҳит ва шароитларга  мослашиб, ўз танлаган йўлларидан оғишмай юришлари учун тиргак бўлишимиз лозим. Ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун ёшларга кенг имкониятларни яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – бугун ҳар қандай даражадаги раҳбар олдида турган энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.

Ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ёшлар жиноятчилиги ва хуқуқбузарликларининг олдини олиш, таълим муассасаларидаги, куч тузилмаларидаги ва корхона-ташкилотлардаги ёшларимиз билан тизимли ишлаш йўлида жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилади.

Дунё тажрибасидан билишимиз мумкинки, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради. Шундай экан, бугун ёшларимиз учун қанча сармоя киритсак ҳам кам. Юртбошимизнинг “Янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтирамиз. Илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, „яшил“ ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз”, — деб таъкидлаганлари бугунги ахборот асрида ёшларимизнинг хусусий бизнесларини ривожлантириш, уларни IT соҳаларига кенг жалб қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини кўрсатиб турибди. Шундай экан, вилоятда ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тадбирларини жорий йилда янги босқичга олиб чиқишда бор куч ва салоҳиятимизни ишга соламиз!

Янги йил барчамизга қутлуғ бўлсин.

Муродбек Раҳмонбердиев,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Жиззах вилояти кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Жиззах

 вилояти Кенгаши депутати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *