Шоир Абдулла Орипов суҳбатлардан бирида порахўрлик иллатини тирноққа ўхшатган эди, яъни у ўсиб чиқаверади, фақат мунтазам қирқиб туриш керак. Дарҳақиқати, коррупцияяни батамом енггга мамлакат йўқ, аммо уни жиловлаганлар бор — бу давлатлар тажрибаси бизга асқотиши мумкин.
Яқинда бир дугонам фарзандли бўлди. Шифохонадаги доя аёлдан тортиб, онага қаровчи ҳамшираларнинг барчаси “суюнчидан” умидвор — кишининг қўлига қарайди. Яна “менга пул тегмади” деб аразлаб қолганлари ҳам бўлди. Бугун ёруғ дунёга келган миттигина гўдакнинг кичик боши ҳам коррупцияга урилмаяптими?! Ҳали бу бошланиши. Гўдакнинг касалхонадан олиб чиқмасидан қайнона келиннинг онасига олиб келиниши лозим бўлган нарсаларнинг рўйхатини тутқазибди. Катта бешик тўй қилишар экан. Қизнинг ота-онаси борини тўкиб, фарзандининг тинчини ўйлайди. Мана шу “тинчи”ни ўйлаб ҳали нечта маросимларни катта дабдаба билан ўтказиб беради.
Биз коррупция деганда, “бели оғримай” олинган мўмайгина даромадни тушунишга ўрганиб қолганмиз. Аслида унинг бошқа турли кўринишлари ҳам мавжуд. Масалан, ҳар сафар бошлиғимиз пойтахтга борганида, юқоридаги бошлиқларимиз ёнига бир дунё совға-саломлар билан кетади. Албатта, биз буни меҳмондорчиликка, қўли очиқликка йўямиз. Шунчалик саҳий эканмиз, нега унда пулга жуда муҳтож қўшнимиздан озгина ёрдамимизни қизғонамиз?! Мансаби бор танишларимизга салом-аликни жуда маромига етказиб қўйишимиз ҳам бор гап. Гарчи бизга заррача фойдаси тегмаса-да, унга уйимизнинг тўридан жой берамиз, тўй-мараканинг энг аввалида уларни чақирамиз. Ўқишда, ишла, кўча-кўйда ўз манфаатларимиз учун ишимизни осон йўл билан битиришга, пора беришга ёки таниш-билишларни ишга солишга ҳаракат қиламиз. Ҳақиқат учун курашишга ҳеч биримизда тоқат йўқ. Ўзимизни аяймиз, ҳамма қилаётган ишни такрорлаймиз. Хўш, бу кетишда биз қай манзилга етамиз? Ўзлигимизни йўқотиб қўймаймизми?!
Киши эсини таний бошлаши билан ўз шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун билиб улғаяди. Негаки атрофимиздаги одамларнинг ўзи бизга шуни болаликдан сингдиради. Ҳатто ўзим гувоҳи бўлганман, баъзи оилаларда фарзандининг қайси касб эгаси бўлишини ҳам бозор иқтисодиётидан келиб чиқиб, ота-оаннинг ўзи белгилаб беради. Мана шундай манфаатли қарорлар исканжасида қолган ўсмирдан келгусида ниманиям кутиш мумкин?! Аксарият ҳолларда ёшгина мактаб ўқувчиларининг ҳам белини оғритмасдан пул топиш ҳақида ўйлашлари кишини чўчитади.
Бир ҳақиқат борки, биз парвариш қилаётган фарзанд фақат бизники эмас — у жамиятники, эртанги келажак эгаси! Шундай экан, биз коррупцияга қарши “вакцина”ни, энг аввало оиладин бошлашимиз керак. Фарзандимизга ўзининг инсоний қадри энг катта бойлик эканлигини, меҳнати, ҳаракати ва билими орқалигина мақсадларига эришиши мумкинлигини доимо ўқтиришимиз керак.
Сарвиноз МАМАНОВА,
“Истеъдод” газетасининг бош муҳаррири.