Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, коррупцияга қарши кураш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу борада прокуратура органлари томонидан барча йўналишларда салмоқли ишлар қилинмоқда ва муҳим натижаларга эришилмоқда. Юртимиздаги туб ислоҳотлар натижасида прокуратура органлари фақат жазоловчи эмас, балки фуқароларга, хусусан, тадбиркорларга, ёрдамга муҳтож оилаларга кўмаклашувчи, уларни қўллаб-қувватловчи органга айланаётгани фикримизнинг ёрқин исботидир.
Муҳтарам Президентимиз 2016 йил 19 декабрь куни прокуратура ходимлари учун муҳим тарихий санага асос солдилар. Яъни, “8 январни – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни” деб белгилаш ҳақидаги қонунни имзоладилар. Шундан буён адолат ва қонунийлик посбонлари ҳар йили касб байрамларини нишонлаб келаяптилар. Бугунги кунда прокуратура органлари ходимлари зиммаларига юклатилган ҳар қандай вазифани бажаришга виждонан, садоқат ва юксак масъулият билан ёндашмоқда.
Ўтган йили вилоят прокуратураси органлари шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамият манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, фаолиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлашда салмоқли натижаларга эришди.
Асосий эътибор прокуратура органлари ходимлари айниқса, ёш мутахассисларнинг “Инсон қадри учун” тамойили асосида касбий ва ишчанлик маҳоратини ошириш, уларнинг маънан етук, ҳалол ҳамда ўз касбига садоқатли ва юқори масъулиятли кадрлар сифатида шаклланишига қаратилмоқда. Соҳа вакилларининг онги ва қалбига “Қонун устуворлигини таъминлаш, инсон, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш – ҳар бир прокуратура ходимининг шарафли бурчидир!” деган устувор концептуал-ғоявий шиорнинг мазмун-моҳиятини сингдириш мақсадида кўплаб маънавий тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилаяпти. Ишнинг бундай ташкил этилиши ўз самарасини бермоқда.
Ўтган 2023 йил мобайнида Жиззах вилоят прокуратураси органлари томонидан жами 17 367 та прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали 26 766 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Давлат, жамият ва фуқароларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида судларга 86 миллиард 283 миллион сўмлик 2 637 та даъво аризалар киритилди.
“Прокурор ва ёшлар” мавзусида 490 маротаба учрашувлар ўтказилди. Тадбирларда 13 минг нафардан зиёд ёшлардан келиб тушган 1 082 та мурожаатларнинг 831 таси ижобий ҳал этилди. Фаолият кўрсатмаётган 252 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти прокуратура органларининг аралашуви билан тикланди.
Шунингдек, прокурорларнинг амалий ёрдами билан 1 025 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларда 3 269 та янги иш ўринлари яратилди. Вилоят прокуратураси органларининг аралашуви билан 89 миллиард сўмдан иборат муаммоли кредит қарздорлиги ундирилди.
114 миллиард сўмлик креди маблағи талон-тарож қилинганлиги аниқланиб, айбдорларга нисбатан 59 та жиноят ишлари қўзғатилди. Бюджетга ундирув режаси биргина ўтган йилнинг ноябрь ойида 105 фоизга бажарилди. Бунда жонбозлик кўрсатган 18 нафар ходимлар Бош прокурор томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ўтказилган назорат тадбирларида 3 854 та ҳолатда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш факти аниқланиб, 23 миллиард сўмлик зарар ундирилди.
Президентимизнинг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 57 – сонли Қарорига асосан 1 317 та аҳоли хонадонларга 3.370 кВт қуёш панеллари ўрнатилиши таъминланди.
Шаффоф қурилиш электрон тизими орқали қурилишнинг барча босқичлари прокурорлар раҳбарлик қилаётган штаблар томонидан тўлиқ назоратга олиниб, 230 миллиард сўм маблағлар иқтисод қилинди.
2023 йил манзилли дастурларидаги 4 401 та объектларнинг 4 381 таси (86 фоиз) фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда пилла, ғалла ва пахта режалари ортиғи билан бажарилди. Ўзбошимча эгалланган 1,016 гектар ернинг 741 гектари ихтиёрий қайтарилди, 14 га. майдондаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Тергов жараёнларида аниқланган 148 миллиард сўм зарарнинг 114 миллиард сўми ёки 77 фоизи ундирилди.
Вилоятимиздаги 308 та маҳаллаларнинг 170 тасида ёки 55 фоизида жиноятлар содир этилмаслигига эришилди.
Жами келиб тушган 16 760 та мурожаатларнинг 11 941 таси бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилди. Прокурорлар томонидан 16 267 нафар фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларни кўриб чиқишда асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилиб, бу борада 14,7 миллиард сўмлик иш ҳақи, пенсия, алимент ва бошқа тўловларни ундиришда амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳудудда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилиш борасида амалий ишлар давом этмоқда.
Васил ИЛЁСОВ.