ID-КАРТА ОЛИШ БАРЧАГА МАЖБУРИЙМИ?

ДОЛЗАРБ МАВЗУДА СУҲБАТ

 Мамлакатимизда ахборот тизимини жадал ривожлантириш, аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, турли ахборот тизимларида ва масофавий хизмат кўрсатишда шахсни идентификациялашнинг ягона механизмини жорий этиш мақсадида биометрик паспортлар ID-карталарга алмаштирилмоқда. Мазкур йўналишда Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (МваФР) бошқармаси етакчи мутахассиси, майор Фозилбек  ХАМРАЕВ билан суҳбатлашдик.

– Президентимизнинг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида 2021 йилдан то шу бугунги кунга қадар вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилди? ID-карталар қандай афзалликларга эга? Уларнинг биометрик паспортдан фарқи нимада?

 – Вилоятда фуқароларга идентификация ID-карта расмийлаштириб берувчи 18 та МваФР бўлинмаси фаолият юритмоқда. Ушбу бўлинмалар томонидан 2021 йилдан шу бугунга кунга қадар вилоятда доимий яшовчи 682 нафар фуқаролиги йўқ шахслар ва 1 минг 079 нафар чет эл фуқароларига ҳамда 260 минг 830 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларига идентификация ID-карталари расмийлаштириб берилди. ID-карталарни бериш тизимига ўтиш ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда ва фуқароларни рақамли идентификация қилиш тизимини жорий этишни жадаллаштиради. Фуқароларнинг бирламчи маълумотларини Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг ахборот тизимларига интеграциялаш жараёнини автоматлаштиради, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини осонлаштиради ва оптималлаштиради.

ID-карталар амалдаги буклет кўринишидаги биометрик паспортга нисбатан ўлчами кичик ва ихчамлиги, электрон қурилма(чип)га эгалиги ва фуқароларнинг маълумотларини аниқ фотосурат, яшаш манзили, электрон имзо киритилиши билан қулай ҳисобланади. Шунингдек, амалдаги биометрик паспортдан фарқли равишда 2021 йил 1 январдан жорий этилган ID-карталарнинг юза қисмида фуқаронинг миллати кўрсатилмайди. Бу халқаро талабга кўра, миллатчиликка қарши қўлланган ёндашув ҳисобланади. Ушбу маълумот ID-карта чипида сақланади. Мазкур ID-карта халқаро талабларга мослаб ишлаб чиқилган.

– Вилоятимиз ҳудуди анчагина масофага чўзилиб кетганлигини яхши биламиз. Шуни ҳисобга олиб ID-карталар олмоқчи бўлган фуқароларга жойларда қандай қулайликлар яратилган?  

– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 сентябрдаги номи юқорида зикр этилган ПФ–6065-сонли фармонида идентификация – ID-карталарини олиш ва алмаштириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига ёки давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин. Шунга кўра, вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида жойлашган 14 та МваФР бўлинмаларидан ташқари, Шароф Рашидов туманининг Хайробод ҚФЙда, Зомин туманининг Даштобод шаҳарчаси ва “Пешағор” ҚФЙ ҳамда Жиззах шаҳрининг “Ёшлик” МФЙ ҳудудида МваФР бўлинмалари фаолият юритмоқда.

 – Қандай ҳолатларда ID-карталар алмаштириб берилади?

—Фуқаролар паспортининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг мурожаат қилишлари лозим. Ушбу ҳолатларда бир ой муддатда ID-картага алмаштириш учун мурожаат қилиши керак бўлади.

 

Васил ИЛЁСОВ суҳбатлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *