ЖАСОРАТГА ЙЎҒРИЛГАН ФАОЛИЯТ

Юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилган ҳарбийларнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини ҳар қанча эътироф этсак арзийди. Зеро, тинчлик — ўз-ўзидан келмайдиган неъмат. Унинг ортида туну кун сабр ва матонат билан хизмат қиладиган, таҳликали вазиятларда ҳам Ватан манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган жасур фидойилар туриши бор ҳақиқатдир. Юксак эътирофга лойиқ ана шундай юрт посбонларидан бири захирадаги подполковник Иноятилла Мусулмановдир.

Ғаллаорол тумани Самарқанд маҳалласида туғилиб вояга етган қаҳрамонимиз бугунги кунда Жиззах шаҳридаги Бобур маҳалласида истиқомат қилади. Болаликдан ҳарбий офицер бўлишни орзу қилган Иноятилла Мусулманов бу мақсад сари қатъият билан интилди. У 1996 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга қабул қилиниб, ҳарбий илм ва интизом сирларини пухта ўзлаштирди. Мазкур таълим муассасасини муваффақиятли тамомлагач, меҳнат фаолиятини Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган ҳарбий қисмда бошлади.

Ҳарбий хизмат — нафақат жисмоний тайёргарлик, балки мустаҳкам ирода, юксак масъулият ва ҳар қандай вазиятда тезкор қарор қабул қилиш қобилиятларини ҳам синовдан ўтказади. Айниқса, разведка бўлинмалари ва махсус операция кучларида хизмат қилиш ҳар бир офицердан катта матонат ва профессионал маҳоратни талаб қилиши ҳақиқат. Иноятилла Мусулманов фаолиятининг катта қисмини айнан ана шундай масъулиятли вазифаларга бағишлади.

У 2000-2001 йиллардаги «Сариосиё воқеалари» давомида жанговар ҳаракатлар гуруҳи командири сифатида хизмат қилган. Мураккаб ва таҳликали вазиятларда чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли хавфсизлигини муҳофаза қилиш ҳамда юрт осойишталигини барқарор сақлаш борасида олиб борилган тезкор тадбирларда фаол иштирок этди, кези келганда бир неча марта ўз жонини хатарга қўйишга ҳам мажбур бўлди.

2005–2011 йиллар давомида Жиззах ва Наманган вилоятларидаги ҳарбий қисмлардаги махсус бўлинмаларда самарали фаолият юритган офицер 2011–2013 йилларда Қуролли Кучлар Академиясида таҳсил олиб, билимларини мустаҳкамлади. Ушбу Академияни тамомлагач, яна Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга қайтиб, хизмат фаолиятини сидқидилдан давом эттирди.

— Болалигимдан ҳарбий соҳада ишлашни орзу қилганман, энди орзуимга эришганимдан бахтиёрман, — дейди қаҳрамонимиз. Ҳарбий хизмат инсонни тоблайди, масъулиятли бўлишга ўргатади. Биз учун энг устувор вазифа юрт осойишталигини таъминлашдир. Бугунги тинч замонимиз ортида минглаб ҳарбийларнинг юксак матонати ҳамда Ватанга садоқати ётибди.

Қаҳрамонимиз 2016–2018 йилларда Тошкент ҳарбий округи бошқармасида хизмат қилди. 2018–2021 йилларда эса Чирчиқ Олий Танк Қўмондонлик-Муҳандислик билим юртида катта ўқитувчи сифатида фаолият юритиб, ёш офицер кадрларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди. У ерда курсантларга жанговар шароитларда ҳаракатланиш бўйича муҳим амалий кўникмаларини ўргатди.

— Бугунги армия замонавий билим ва юксак тайёргарликни талаб қилади, — дейди суҳбатдошимиз. — Ёш ҳарбийлар нафақат қурол-яроғ билан тўғри муомала қилиш, балки тезкор фикрлаш, вазиятни таҳлил қилиш ва мураккаб ҳолатларда тўғри қарор қабул қилишни ҳам ўрганишлари зарур. Чунки мамлакат хавфсизлиги ана шундай билимли ва жасур аскарлар қўлида.

Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик йилларида миллий армиямиз
босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, замонавий ва мустаҳкам мудофаа тизими вужудга келди. Бу йўлда, албатта, ўз ҳаётини ҳарбий хизматга бағишлаб, турли таҳликали вазиятларда Ватан шаънини мардонавор ҳимоя қилган тинчлик посбонларининг ҳиссаси беқиёс. Иноятилла Мусулманов ана шундай фидойи ҳарбийлардан бири сифатида 2011 йил 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунида «Жасорат» медали билан тақдирланган. Бу унинг кўпйиллик самарали фаолиятига берилган муносиб баҳо бўлди.

Қаҳрамонимиз 2021 йилда захирадаги подполковник сифатида нафақага чиққан бўлса-да, ўз соҳасидан бутунлай узоқлашгани йўқ. Бугунги кунда у
вилоят мудофаа ишлари бошқармасида фахрийлар ишлари бўйича кенгаш раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритиб, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга тайёрлашга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этмоқда.

Дарҳақиқат, Иноятилла Мусулманов каби жасоратли юрт ҳимоячиларининг ҳаёт йўли ёш авлод учун чинакам жасорат ва ватанпарварлик намунаси бўлиб хизмат қилади.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Ботир Қудратов (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *